Партиянинг донорлик акцияси оммалашмоқда

03.06.2021 11:06:46

Партиянинг энг хайрли лойиҳаларидан бири бўлган «Бор меҳримиз сенга, болажон!» донорлик акцияси Фарғона вилоятида ҳам йилдан-йилга оммалашиб бормоқда. Жумладан, Фарғона вилоят партия Кенгаши томонидан ўтказилган мазкур акцияда бу гал вилоят қон қуйиш маркази кўнгилли донорлар билан гавжум бўлди. Улар орасида вилоятдаги давлат ташкилотлари раҳбарлари, депутатлар, партия вакиллари, блогерлар ва бошқа кўнгилли инсонлар иштирок этдилар ва болажонлар учун қон топширдилар.

Фарғона вилояти ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси, вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари  Тўлқиной Тожиева, Фарғона давлат университети проректори Илҳомжон Носировлар бошчилигидаги маънавий тарғиботчилар гуруҳи ҳам биринчилардан бўлиб, қон топширар эканлар, бу иш орқали кимнингдир саломатлигини тиклашга ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшаётганликларидан мамнун эканликларини яширмадилар.

Болаларимизга биринчи навбатда ўзимиз шахсий намуна ва ўрнак бўлишимиз лозим. Улар фидойиликни кўз билан кўриб ўрганадилар. Донорлик учун ташлаган қадамларимиз келажак авлодга яхшигина ўрнак кўрсатса, яна бир жиҳатдан, қон топшириб нафақат беморларга шифо бўлишга, балки саломатлигимиз ҳам қайта тикланишга эришишимиз мумкин.

-  дейди проректор И.Носиров ўз сўзида.

Альберт Мустаев, Фарғона вилоят қон қуйиш маркази раҳбари:

Партия ҳар гал ушбу акцияни бошлаганда биз уларни катта хурсандчилик билан кутиб оламиз. Тадбирни байрамона ва кўтаринки тарзда ўтказишга ҳаракат қиламиз. Чунки улар бизнинг беморларга энг катта ёрдам кўрсатмоқдалар. Қон, унинг компонентлари ва препаратлари (плазма, эритроцит, тромбоцит, альбумин ва иммуноглобулинлар) инсон ҳаёти хавф остида қолганда қуйилади. Қон тизими касалликларида (оғир даражали камқонликларда, лейкоз, яъни оққон хасталигида, қон ивиш тизими бузилиши касалликлари, яъни гемофилия касаллиги, коагулопатиялар), саратон касалликларида, патологияли оғир кечадиган туғуруқларда, операцияларда, оғир даражали ку­йишларда ва турли хил фав­қулодда ҳолатларда асқотади. Бундай ҳолатда беғараз қон донорлиги улар учун ҳаёт бағишлайди.

Қайд этиш жоизки, партиямиз ёшлар тақдирида муҳим аҳамиятга эга бўлган бу каби савобли акцияларни мунтазам ташкил этаётгани, электоратимизнинг  асосий қатламини ташкил этувчи шифокорларга кўмаклашаёттгани ва халқнинг дуосини олаётгани - биз учун қувонарлидир.

Комила ИСРАИЛОВА,

партия фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+