Пировард мақсад — аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш

22.01.2024 09:01:51

Мамлакатимизда кейинги йилларда барча соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ҳар бир соҳада бўлаётган янгиланишлар одамлар турмушидаги ўзгаришлар, уларнинг юз-кўзидаги мамнунлик, бугунги яшаётган кунидан розилик ифодаси ўлароқ ҳаётимизда ўз аксини топмоқда.

Бундай юксак марраларга инсон қадрини улуғлашга йўналтирилган Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилган изчил ислоҳотлар натижасида эришдик. Чунки мамлакатимиз иқтисодий ва ижтимоий ҳаётида кейинги етти йилда бўлган ўзгаришларни кўриб, одам ҳайратда қолади.

“Ўзбекистон — 2030” стратегиясида 2030 йилга қадар иқтисодиёт ҳажмини 2 баробар ошириш ва “даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар” қаторига кириш, хусусан, ялпи ички маҳсулот ҳажмини 160 миллиард долларга ва аҳоли жон бошига даромадларни 4 минг долларга етказиш белгилаб қўйилган.

Шунингдек, миллий иқтисодиётнинг экспорт салоҳиятини кучайтириш ва унинг таркибида қўшилган қиймати юқори бўлган маҳсулотлар улушини, қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик ва рентабеллик даражасини кескин ошириш, ҳудудларда хизматлар соҳасини, маҳаллий хомашё базасидан самарали фойдаланиш ва илғор технологияларга асосланган саноатни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Албатта, ушбу мақсадларга эришиш аниқ ҳисоб-китобни ва таҳлилни талаб этади. 2023 йилги давлат дастури доирасида иқтисодий тармоқларнинг барқарор ривожланишини таъминлаш, мамлакат иқтисодиётида саноатнинг улуши оширишга қаратилган муайян ишлар амалга оширилди. Натижада, саноатнинг улуши 6 фоизга ошди.

Лекин Стратегияда белгиланган мақсадларга эришиш учун ушбу натижаларнинг ўзи етарли эмас. Шу боис, 2024 йилда ялпи ички маҳсулотни камида 6 фоизга кўпайтириб, 100 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган. Белгиланган кўрсаткичларга эришиш албатта, иқтисодий комплекс масъулларидан қаттиқ интизом ва масъулиятни талаб қилади.

Куни кеча Президентимиз раислигида 2024 йилда макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ривожланишни таъминлаш бўйича устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ушбу масалаларга алоҳида эътибор қаратилиб, макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ривожланишни таъминлаш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилди.

Йирик саноат тармоқларининг солиқ юки камайтирилган бўлса-да, кўп тармоқлар давлатга тушумни таъминлаш ўрнига харажатини оширяпти. Шу маънода, бундан буён, саноатда қўллаб-қувватлаш механизмлари биринчи галда юқори қўшилган қиймат яратадиган ва бозори бор маҳсулотлар учун берилиши айтилди.

Иқтисодий комплекс масъулларига 2024 йилда қўшилган қийматни 45 фоиздан ошириш, таннархни 15 фоизга камайтириш, умуман, саноатда 7 фоиз ўсишни таъминлаш бўйича корхонабай чора-тадбир тасдиқлаб, амалга ошириш топширилди. Ушбу чора-тадбирлар шунчаки тахминий рақамлар ва хулосаларга таяниб эмас, аниқ таҳлиллар асосида ишлаб чиқилади.

Иқтисодиётнинг барқарор ривожланишида бюджет ижроси самарадорлигини таъминлаш ғоятда муҳимдир. 2024 йилда бюджет дефицитини 4 фоиздан оширмаслик белгиланган. 2023 йилда кўплаб давлат корхоналари дивиденд ва солиқ тўловлари бўйича бюджетга 8 триллион сўм тушумни таъминлай олмаган. Мисол учун, Сирдарё ва Жиззах вилоятларида солиқ тушумлари 20 фоиз ўсган бўлса, Хоразм, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида бу кўрсаткич 7 фоизга ҳам етмаган.

Бундай ҳолатнинг келиб чиқишига сабаб бўлаётган омиллардан бири бу юридик шахс мақомидаги 18 мингта овқатланиш корхонасидан атиги 2 минг 300 таси ҚҚС тўловчи ҳисобланишидир. Сабаби, улар товар айланмасини 1 миллиард сўмдан оширмаслик учун битта ошхонага 3-4 тадан фирма очган ҳолда фаолият кўрсатиб келмоқда.

Эндиликда юқоридаги ҳолатларни ўз вақтида бартараф этиш учун маҳалладаги солиқчи, туман солиқ бошлиқлари ва ўринбосарларида кўпроқ вақт ва имконият бўлади. Боиси, 40 мингта бюджет ташкилоти билан ишлаш вазифаси тумандан Солиқ қўмитасида янги ташкил қилинадиган Бюджет ташкилотлари инспекциясига ўтказилади. Ушбу Инспекция тўлиқ рақамлашган бўлади ва Ғазначилик электрон тизимига интеграция қилинади.

Бюджетга солиқ тушумларини ўз вақтида таъминлаш мақсадида қўмита қошида Солиқ қарзини ундириш инспекцияси ташкил этилиши ҳам айни муддаодир. Чунки унга Мажбурий ижро бюросида мавжуд ваколатлар берилади. Бунинг ҳисобига, туманлардаги қўшимча 200 нафар солиқчини “маҳаллабай” ишлаш тизимига ўтказиш имкони пайдо бўлади.

Қисқача айтганда, йиғилишда иқтисодий комплекснинг барча тармоқ ва йўналишлари чуқур таҳлил қилиниб, галдаги аниқ вазифалар белгилаб берилди. Хусусан, давлат мулкини хусусийлаштириш, ерларни тадбиркорларга аукцион орқали сотиш, яширин иқтисодиёт ва иқтисодий жиноятчиликка қарши курашиш каби масалалар таҳлил қилинди.

Ушбу вазифаларнинг ўз вақтида ва самарали амалга оширилиши, нафақат мамлакатимиз иқтисодиётининг барқарор ривожланишига, қолаверса, халқимиз турмуш фаровонлиги юксалишига, янги иш ўринлари яратилишига, иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақалар миқдори кўпайтирилишига хизмат қилади, деб баралла айта оламиз.

 

Мавлуда АДҲАМЖОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+