Пленумлар ҳафталиги Сирдарёда қандай ўтди?

20.05.2021 13:05:30

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилояти Кенгашида ташкил этилган VI Пленум ишида дастлаб партия вилоят Кенгаши Ижроия Қўмитасининг 2020 йилдаги фаолияти юзасидан ҳисоботи ва 2021 йилдаги устувор вазифалари муҳокамага қўйилди. Партия вилоят Кенгаши раиси вазифасини вақтинча бажарувчи  Беҳзод Абдуллаев томонидан вилояти Кенгаши ҳамда партиянинг маҳаллий Кенгашлари ташаббуси билан жами 323 та тадбирлар ўтказилиб, уларда 12541 минг нафар иштирокчи қамраб олингани ҳақида маълумот берилди. Хусусан “Муаммо билан юзма-юз” лойиҳаси бўйича 103 та, “Адолат” сиёсий-ҳуқуқий ўқувлар куни” лойиҳаси доирасида 129 та мулоқот тадбирлари ўтказилгани таъкидланди.

-Шунингдек ҳисобот даврида партия депутатлик гуруҳлари томонидан халқ депутатлари  вилоят Кенгаш сессиясига 1та, маҳаллий Кенгаш сессияларига 14 та масала киритишга эришилди. Сайловчилардан келиб тушган мурожаатлар асосида  вилоят депутатлари томонидан 115та,  туман ва шаҳар Кенгаши депутатлари томонидан 309 дан ортиқ депутатлик сўровлари чиқарилди. Шунга қарамай, сессияларга масала киритиш бўйича Боёвут, Гулистон, Мирзаобод туман Кенгашлари томонидан ишларга етарлича эътибор қаратилмаган, - дея фаолиятни таҳлиллади Беҳзод Абдуллаев.

Шундан сўнг Пленум кун тартибидаги иккинчи масалага ўтилди. Яъни Халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳининг 2020 йилдаги фаолияти юзасидан депутатлик гуруҳи раҳбари Салоҳиддин Элмуродовнинг ҳисоботи ва 2021 йилдаги фаолиятга оид режалар эътибор марказида бўлди. Маърузачи томонидан 2020 йил давомида Халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси депутатлик гуруҳида 8 нафар, туман ва шаҳарлардаги партия депутатлик гуруҳларида 48 нафар депутат фаолият олиб борганлиги маълум қилинди.

–Юқорида партия вилоят Кенгаши раиси вазифасини вақтинча бажарувчи Беҳзод Абдуллаев томонидан таъкидланган камчиликлар ва кўрсаткичларни таҳлил қилган ҳолда партия депутатлик гуруҳлари томонидан келгусида амалга оширилиши зарур бўлган қатор ишларни келишиб олдик. Фаолиятда эришган ютуқларимиздан ҳаволанмасдан партия ва депутатлар ҳамда аҳоли ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини тасдиқлаймиз. Демак, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни юксак савияда ўтказишда партия ҳодимлари ва сайлов компаниясида иштирок этадиган партиянинг фаол аъзоларининг сайлов қонунчилиги ва халқаро стандартлар бўйича билимларини тизимли асосда оширишга кўмаклашиш, халқаро кузатувчилар томонидан берилган тегишли тавсияларни миллий қонунчилик ва амалиётга татбиқ этиш, фуқароларнинг мурожаати билан ишлашда амалий ечимдорликни асосий вазифалардан қилиб белгилаб олдик, - дея келгуси фаолият борасида тўхталди Салоҳиддин Элмуродов.

Пленум ишида учинчи масала сифатида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгашининг 2020 йилги Устав фаолиятини молиялаштириш учун ажратилган давлат маблағлари ва бюджетдан ташқари маблағларининг ижроси ҳамда  2021 йил бюджетининг асосий кўрсаткичлари бўйича вилоят Кенгаши бош ҳисобчиси Миразиз Халиловнинг ахборотига урғу берилди.  

- 2020 йил давомида партиянинг ҳисоб рақамларига жами 636 млн 611 минг сўм маблағ келиб тушди. Шундан, 603 млн 738 минг сўми партия Устав фаолиятини молиялаштириш учун ажратилган бюджет маблағлари, партия аъзолик бадалларидан 32 млн 873 минг сўм тушум маблағлари ҳисобланади. 2020 йилда жами 631 млн 853 минг сўм маблағ харажат қилинди.

Пленум кун тартибидан ўрин олган масалалар юзасидан қарор қабул қилингач, белгиланган жадвал асосида партиянинг туман ва шаҳар Кенгашларида ҳам пленумлар ўтказилиши тасдиқланди. Асосий эътибор эса Кегашлар фаолиятининг ҳисобот давридаги кўрсаткичлари танқидий-таҳлилий кўриб чиқилиши таъкидланди. 7-17 май кунлари ўн битта туман ва шаҳар Кенгашларида бўлиб ўтган Пленумлардан асосий хулоса эса жорий йилнинг якунига қадар партия аъзолари сонини белгиланган режа бўйича бажарилишини таъминлаш ва партия фаолиятини мунтазам равишда  ОАВда ёритиб борилиши қилиб белгиланди.

 

Маҳфират ХУДОЙБЕРДИЕВА, 

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сирдарё вилоят  Кенгаши

 матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+