Поликлиникага янги трансформатор ўрнатилди

12.05.2021 17:05:20

Бугунги кунда депутатлар чин маънода халқ вакиллари эканликларини амалда намоён этмоқдалар. Ташаббускор, юрагида ўти бор, одамлар дарду ташвиши билан юрадиган кўплаб ана шундай фидойилар саъй-ҳаракати ўлароқ, кўплаб лойиҳалар амалиётга татбиқ этилиб, яна қанчадан-қанча муаммолар ҳал қилиниб келинмоқда.

Жумладан, Халқ депутатлари Жарқўрғон туман Кенгаши депутати Очил Жиянов  ҳам ўз ваколатидан унумли фойдаланган ҳолда сайловчиларнинг муаммоларига ечим топишга ва уларга кўмаклашишга ҳаракат қилмоқда. Хусусан, унинг саъй-ҳаракати билан туман кўп тармоқли катталар поликлиникасига янги трансформатор ўрнатиб берилди.

Тумандаги  кўп тармоқли катталар поликлиникаси бироз аввал таъмирдан чиқарилиб, унга ўрнатиш учун янги трансформатор олиб келинган эди. Бироқ, уни ўрнатиш ҳамда  муассасани доимий электр энергияси билан таъминоти баъзи сабабларга кўра пайсалга солиб келинаётган эди. Депутатимиз  муаммони ўрганиб чиқиб, Жарқўрғон туман ҳокимлигига депутатлик сўрови юборди. Сўров натижасини берди. Туман ҳокимлиги мутасаддилари томонидан муаммо ўрганилиб, депутатлик сўровига ижобий жавоб қайтарилди. Депутатнинг саъй-ҳаракатлари эвазига поликлиникадаги ушбу муаммо бартараф этилиб, анчадан буён муаммо бўлиб келаётган электр энергияси билан боғлиқ узилишлардаги носозликлар бартараф этилиб, янги тарнсформатор ўрнатиб берилди. Бунинг натижасида поликлиникада барча турдаги вакциналарни бешикаст сақлаш имкони вужудга келди.

Жўра Мустапов, Жарқўрғон туман кўп тармоқли марказий поликлиника бош врачи:

-Мазкур муаммо биз тиббиёт ходимларини қийнаб қўйган эди. Депутат кўмаги билан мушкулимиз осон бўлди. Бундан жуда хурсандмиз. Сайловларга ишонч билан борган эдик. Хайриятки, биз  муносиб номзодни танлаган эканмиз. Электр энергиясига бўлган эҳтиёж ортаётгани боис муассасада узилишлар бўлаётган эди.  Эндиликда  бундан барчамиз мамнунмиз.

Агар ҳар бир халқ вакили шу тартибда фидойилик билан ишласа, яхши натижаларга эришиш мумкин. Шу билан бирга, одамлар ҳам ўзлари сайлаган депутатдан рози бўлишади.

 

Дилафрўз РАҲМАТОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши мафкуравий ишлар бўйича бош мутахассиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+