Поликлиникани таъмирлаш ишлари депутатлар назоратига олинди

05.08.2021 17:08:07

Жорий йил 30 июль куни ижтимоий тармоқларда “Ўзи ёрдамга муҳтож поликлиника фуқароларга қандай қилиб сифатли хизмат кўрсатсин?” сарлавҳаси остида хабар тарқалиб, унда Сурхондарё вилояти Ангор туманидаги 3-сон қишлоқ оилавий поликлиникаси жорий йил февраль ойидан бошлаб шу кунга қадар капитал таъмирлаш ишлари тугатилмаганлиги сабабли поликлиника вақтинча маҳалла биносига кўчирилганлиги, ҳозир ҳам ўша ерда фаолиятини давом эттирилаётганлиги юзасидан хабар жойлаштирилиб, муҳокамаларга сабаб бўлган эди.

Мазкур хабарда маҳалла биносида оилавий поликлиника, МФЙ ходимлари жойлашганлиги бемор ва шифокорларга 6 ой давомида қийинчилик туғдириб келаётганлиги таъкидланган. Хабарда “Аниқланишича, Сурхондарё вилояти Ангор туманидаги 3-сон қишлоқ оилавий поликлиникаси жорий йилнинг февраль ойидан июн ойига қадар капитал таъмирланиб фойдаланишга топширилиши лозим бўлганлиги, лойиҳа учун эса туман ҳокимлиги бюджетидан 1 млрд 400 млн сўм ажратилгани маълум қилинган”лиги келтириб ўтилган.

Шунингдек, таъмирлаш ишлари ўз вақтида амалга ошмагач, ҳудуд аҳолиси ноқулайликлар сабабли ўз эътирозини билдирганидан сўнг, Ангор туман ҳокимлиги аҳоли мурожаатига жавобан жорий йилнинг 2 май куни ҳокимлик Telegram-канали орқали капитал таъмир 30 фоизга бажарилганлиги ва бир ой муддатда иш якунланиши юзасидан расмий муносабат билдирган.

Аммо, орадан 2 ой ўтган бўлсада поликлиниканинг таъмирлаш ишлари тугатилмаган бўлиб, 19 июнь куни туман ҳокимлиги бу борада яна бир бор поликлиника қурилиши молиявий муаммо сабаб тўхтаб қолгани, лекин ишлар яна тикланиши тўғрисида баёнот берганлиги ҳам келтириб ўтилган.

Мазкур масала юзасидан, Ўзбекистон “Адолат” СДП Ангор туман Кенгаши фаоллари ҳамда депутатлар текширув олиб борди.

Аниқланишича, мазкур 3-сон оилавий поликлиника жорий йилнинг февраль ойидан бошлаб таъмирга тушганлиги сабабли оилавий поликлиника ҳозирги вақтда тумандаги “Охунбобоев” МФЙ биносида фаолият олиб бораётганлиги маълум бўлди. Текширувлар давомида бинода МФЙ ходимлари алоҳида, поликлиника ходимлари алоҳида хонада иш олиб бораётганлиги аниқланди.

Ҳақиқатан, жорий йилнинг бошларида тумандаги “Новшахарстрой” қурилиш фирмасига таъмирлаш лойиҳаси учун туман ҳокимлиги томонидан 1 400 000 000 сўм маблағ ажратилган ва ушбу фирма томонидан бирмунча таъмирлаш  ишлари ҳам амалга оширилган. Лекин, апрель-май ойларига келиб молиявий маблағ етмаганлиги сабабли таъмирлаш ишлари бир муддат тўхтатилган.  Жорий йил июнь ойининг ўрталарида туман ҳокимининг аралашуви ҳамда ёрдами билан таъмирлаш ишлари яна бошланиб, айни пайтда бинонинг сантехника ва монтаж ишларининг давом эттирилаётганлигининг гувоҳи бўлинди.

Халқ депутатлари Ангор туман Кенгаши депутатлик гуруҳи томонидан ушбу масала доимий назоратга олинди ва мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда тез фурсатлар ичида поликлиника таъмирлаш ишлари бартараф этилиб аҳоли учун фойдаланишга топширилиши билдирилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, ҳудудлар аҳолисини сифатли тиббий хизматлар билан қамраб олиш ва тиббий моддий техника базасини мустаҳкамлаш борасидаги олиб борилаётган ислоҳотлар, шу хусусда она ва бола саломатлигига катта эътибор қаратилаётган бир пайтда юртимизнинг чекка қишлоқларида замонавий поликлиникалар қурилиб, аҳоли фойдаланиши учун топширилаётганлиги қувонарли, албатта. Аммо, чекка ҳудудларда бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари раҳбарларининг жамоатчилик олдида ҳисобот бериш тизими тўлиқ ишламаётгани, жойлардаги тиббиёт муассасалари фаолиятини бевосита ва чуқур ўрганиш ташкил этилмаётгани, маҳаллий Кенгашлар сессияларида тиббиётга оид муаммоларнинг тизимли равишда муҳокама қилинмаётгани сабабли бу каби масалалар секин амалга ошаётганлигини айтиш мумкин. Биз ушбу мавзуга яна қайтамиз ҳамда тумандаги мазкур муаммо яқин кунларда баратараф этилишига умид қилиб қоламиз.

Гулшод ТУРСОАТОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+