Президент гранти - ёшларни юксакликка етакловчи имтиёз

13.07.2021 10:07:43

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган “Республика олий таълим муассасаларига талабаликка қабул қилинган иқтидорли ёшларни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори олий таълим тизимида муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳужжат бўлди десам, янглишмайман.

Мазкур қарор билан ўз устида мунтазам ишлаётган билимга чанқоқ ёшларимиз учун яна бир улкан имкониятлар, имтиёзлар яратилди.

Унга кўра,  2021-2022 ўқув йилидан бошлаб давлат олий таълим муассасалари бакалавриатнинг кундузги таълим шаклига кириш имтиҳонларида, яъни тест синовлари-касбий, ижодий имтиҳон, ёзма имтиҳонда энг юқори балл тўплаган 200 нафар ёшлар учун давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти гранти жорий қилинади. Мамлакатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган қарор тизимли равишда қабул қилинганлигини эътироф этиш мумкин. Сабаби, мактабда, лицейда аъло баҳолар билан ўқиган ўқувчи энди институтга келиб, 1-курсдан бошлаб аъло баҳоларга ўқишга интилади. Ўз устида доимо ва мунтазам ишлайди ва буни маҳсули ўлароқ иккинчи босқичдан бошлаб,  Президент гранти, стипендиясини қўлга киритади. Ўқишда иккинчи, учинчи, тўртинчи курсларда аъло баҳоларга ўқиган талаба магистратура талабаси сифатида қабул қилинади. Президент гранти асосида магистратурани ҳам агар аъло баҳолар билан тамомласа, олий таълим даргоҳига таянч докторантурага қабул қилинади.

Давлат олий таълими муассасалари бакалавриат, унинг кундузги таълим шаклига кириш имтиҳонлари натижаларига кўра, таълим соҳалари кесимида таълим олиш тилидан қатъий назар Республика бўйича энг юқори балл тўплаган абитуриентларнинг 200 нафари Президент стипендиясига даъвогар бўлади. Президент гранти учун ажратилган квотанинг таълим соҳалари бўйича тақсимоти ҳар йили Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан тасдиқланади. Бу  таълим соҳаси учун ажратилган Президент гранти учун квотаси бўйича сўнгги ўриндаги абитуриент ва у билан бир хил балл тўплаган барча фуқаролар Президент грантига даъвогар бўлади. Бунда Қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ Олий таълим муассасасига ўқишга киришда қўшимча балл шаклида имтиёз бериладиган тоифадаги абитуриентларнинг кириш имтиҳонлари натижаларига кўра тўплаган балига қўшиб бориладиган баллар Президент грантига даъвогарларни аниқлашда ҳисобга олинмайди.

Аҳамиятлиси, бу нафақат 200 та энг иқтидорли абитуриентларга Президент гранти берилиши ва бундан ташқари 200-ўринда турган, яъни даъвогарликда энг охирида турган абитуриент билан тенг йиққан барча абитуриентлар-барчаси Президент грантига даъвогар ҳисобланади.

Яна шунингдек, Президент грантига даъвогарларнинг бир йилини 1-курсда таълим олиш жараёнидаги баҳолари барчаси аъло бўлиши, илмий, маънавий, маърифий фаолияти уларнинг инсонийлик хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда айнан ушбу даъвогарлардан Президент гранти соҳиби бўлиш учун Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан танлов ўтказилади ва танлов якунларига кўра энг юқори натижаларни кўрсатган талабаларга Президент гранти соврини тақдим этилади.

Баркамол авлод ва юксак билимли, ахлоқли ватанпарвар ёшлар бугун ва эртанинг ҳақиқий давомчиларидир. Давлатимиз раҳбарияти томонидан ёшларнинг жамият тараққиётида фаол иштирок этиши, юртимизни янада обод этишга муносиб ҳисса қўшиши, замонавий билимларни чуқур эгаллаган, ҳар томонлама етук инсонлар бўлиб вояга етиши учун кенг имкониятлар берилаётган экан, бундай юксак эътиборга муносиб бўлиш ва уларга билдирилган ишончни оқлаш ҳар бир ёшнинг фарзандлик бурчидир.

 

Илҳомжон ҲОЖИБОЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши “Ёш адолатчилар қаноти” Кенгаши фаоли

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+