Президент: “Тошкент вилоятида ишсизлик масаласи бўлмаслиги керак”

13.08.2021 13:08:41

 

Cўнгги йилларда Тошкент вилоятида амалга оширилаётган изчил бунёдкорлик ишлари туфайли ҳудудлар қиёфаси тубдан ўзгариб, аҳолига янада қулай шарт-шароитлар яратилмоқда. Туман-шаҳарлар ҳам кенг кўламли бунёдкорлик майдонига айланиб, ижтимоий соҳа объектлари бирин кетин фойдаланишга топширилмоқда.

Маълумки, давлатимиз раҳбари раислигида 3 август куни жорий йилнинг биринчи ярим йилликдаги иқтисодий натижалар таҳлилига бағишланган  видеоселекторда берилган топшириқлар, белгиланган вазифалар халқимизни иш билан таъминлаш, даромадини ошириш, бунёдкорлик ишларини изчил давом эттириш йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатларни янги босқичга олиб чиқишда вилоятда саноат ривожи учун қулай шароитлар борлиги, бу соҳада жиддий ўзгариш қилиш зарурлиги таъкидлаган эди.

Таҳлилларга кўра, 2021  йилнинг биринчи ярмида вилоятда қарийб  7 триллион 700 миллиард сўмлик маҳсулотлар тайёрланиб, ўсиш 4,6 фоизни ташкил этган. Лекин бу мамлакатимиздаги ўртача кўрсаткичдан паст. Шу боис, йил якунигача жами 18 триллион сўмлик товарлар ишлаб чиқариб, йиллик 8,5 фоиз ўсишга эришиш мўлжалланган.

Куни кеча 10 август куни Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятида саноатни ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.

Давлатимиз раҳбари йиғилишда ҳудудлар раҳбарларини саноатни ривожлантириш учун барча имконият ва инфратузилмалар мавжудлиги, бироқ маҳаллий саноат салоҳиятидан фойдаланмаётгани, аслида ҳудудда ишсизлик масаласи бўлмаслиги кераклигини таъкидлади ва маҳаллий саноатни ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берди.

Йиғилишда тақдим этилган маълумотларга кўра, ҳудудда ишсизлик даражаси 134 минг кишини ташкил этиб, уларнинг 35,8 минг нафари мактаблар битирувчиларидир. Бундан ташқари, 140,9 минг киши ишлаш учун хорижга чиққан. Ҳозирда вилоятда жами 2,9 млн киши (833,9 минг оила) истиқомат қилади. Статистик маълумотларга қараганда, бугунги кунда ишсизлар сони 134 минг нафарни ташкил этмоқда.

Тадбирда вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидаги имкониятлар кўриб чиқилди.

“Кичик саноат зоналари бор. Бўстонлиқда ҳам, Оҳангаронда ҳам, Бўкада ҳам одамлар кутиб ўтиришибди – иш ўрни йўқ. Камбағалликни камайтириш бўйича саволга жавоб топишимиз керак. Бир ой, икки ойни ичида Тошкент вилоятида яққол ўзгариш қилишимиз керак. Менга натижа керак, мана шу менинг сизлардан талабим”, – деди давлат раҳбари.

Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятов йиғилиш танқидий руҳда ўтганини қайд этиб, Тошкент вилоятида имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаётгани, етарли даражада иш олиб борилмаётгани таъкидлаб, ҳудуднинг “яшил”, “сариқ” ва  “қизил”  ҳудудларга ажратиб чиқилганини маълум қилди.  “Яшил” ҳудудларда мавжуд корхоналарнинг имконият ва қувватларини кенгайтириш, ривожланмаган “қизил” ҳудудларда эса янги корхоналарни очиш режалаштирилаётганини баён этди.

Йиғилиш якунида давлатимиз раҳбари саноат тармоқларида янги лойиҳаларни кўпайтириш, қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш муҳимлигини таъкидлаб, йил якуни билан ҳудудий саноат ҳажмини 40 фоизга ошириш бўйича топшириқлар берди. 

Хулоса ўрнида айтганда, бугун юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар халқни рози қилишга, хизмат қилмоқда. Албатта, бу борада эришилган ютуқлар билан бир қаторда, мавжуд муаммо ва камчиликлар, ечимини кутаётган масалалар ҳам кўп. Улар ҳам, бугунги янгиланишлар силсиласида навбати ва вақти-соати билан ҳал этилиб келинмоқда ва ҳал этилади ҳам.

Энг муҳими, давлат раҳбари алоҳида таъкидлаганидек,  “Тошкент вилоятида ишсизлик масаласи бўлмаслиги керак”.

 

Бобур МАМИРОВ,

“Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+