Президентимиз нутқи бизга кўтаринки руҳ ва шижоат бағишлади

02.07.2021 19:07:22

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ёшлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаси менда ёрқин таассурот қолдирди. Давлатимиз раҳбарининг  сўзлари ва ташаббуслари навқирон биз авлодга катта мотивация бағишлади, десам муболаға бўлмайди.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида ёшлар замонавий илм-фан ва юқори технологияларни мукаммал эгаллаши зарурлиги, бунинг учун барча куч ва имкониятлар ишга солинишини айтиб ўтди. Истеъдодли болалар учун имконият яратиш, кўрик-танловларнинг ғолиб ва совриндорларини доимий қўллаб-қувватлаш доимий давом этажаклиги таъкидланди.

Маълумки, ўтган 2020 йилда бўлиб ўтган Ёшлар форумида жорий йилдан бошлаб мактаб ўқувчилари ва олий ўқув юртлари талабалари ўртасида “Бўлажак олим” танловини ташкил қилиш орқали ёшларнинг энг яхши инновацион ҳамда стартап лойиҳаларига 50 миллиард сўм маблағ йўналтирилиши айтиб ўтилган эди. Шунга биноан 100 дан зиёд шаҳар ва туманларимизда ахборот технологияларини чуқур ўргатадиган замонавий ўқув марказларини ташкил қилинди. Ёшларга халқаро IT сертификатларини олиш ҳаражатларининг 50 фоизгача бўлган қисми қоплаб берилмоқда. Яқин икки йилда “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида 300 минг нафар ёшлар компьютер дастурлаш асосларига бепул ўқитилиши режалаштирилган. Илм йўлини танлаган иқтидорли ёшларимизни қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий йилдан бошлаб магистратура ва докторантура босқичлари учун Президент стипендияси квотасини икки баробарга оширилди. Ишонч комилки, бундай имконият ва имтиёзларга аввало янги Ренессанс пойдеворининг бунёдкорлари сазовор бўлади, Икки ва ундан ортиқ фарзанди олий ўқув юртида шартнома асосида ўқиётган оилаларга имтиёзли таълим кредити берилиши йўлга қўйилди.

Мазкур анжуман ҳам хушхабарларга бой бўлди. Давлатимиз раҳбари эндиги галдаги вазифа ёшларимиз орасидан янги авлод берунийларини, ибн сино ва улуғбекларини, хоразмий ва фарғонийларини тарбиялаб, вояга етказишдан иборатлигини таъкидлаб ўтди. Бу йўналишда “Беруний издошлари”, “Мирзо Улуғбек ворислари”, “Алишер Навоий давомчилари” каби кўрик-танловлар ўтказиб, ғолибларни рағбатлантириш тизими йўлга қўйилиши айтиб ўтилди.

Президентимиз олиб борилган амалий ишлар натижасида ўтган 8 ой мобайнида “Ёшлар дафтари”га кирган 430 минг нафар йигит-қизнинг муаммоларини ҳал этиш учун 300 миллиард сўм маблағ йўналтирилганлигини сўзлаб ўтди. Жумладан, “Темир дафтар”даги оилалар фарзандлари бўлган 2 мингдан зиёд талабанинг контракт пули тўлаб берилганлиги, ёш оилаларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилганлиги таъкидланди. Эндиги галдаги вазифа “Дафтарлар”га кирган оилаларнинг янги турмуш қураётган фарзандларига ўз хонадонида қўшимча уй-жой тиклаб олиши учун 33 миллион сўмгача гаровсиз кредит ажратиш тизими йўлга қўйилиши белгиланганлиги таъкидланди. Шунингдек, ўтган йилги тажриба асосида “Темир дафтар”да қайд этилган оилаларнинг ҳар бир фарзандига ўқув қуроллари ва мактаб формаси сотиб олиш учун август ойида 500 минг сўмдан моддий ёрдам берилиши ҳам айтиб ўтилди. Бу каби белгиланаётган шарт-шароитлар, енгилликлар ва имкониятлар биз ёшларнинг етук билим эгаси ва фаровон ҳаёт давомчилари бўлиб шаклланишимизда мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтайди.

Зотан, халқимиз, ватанимиз бизлардан буюк ишлар кутаётганини ҳеч қачон ёдимиздан чиқармаслигимиз зарур! Юртнинг юксак ишончи ва умидини тўла оқлаш, унга муносиб бўлиш дунёдаги энг улуғ бахтдир. Шундай шараф барчамизга насиб этсин!

 

Сардор ОЧИЛОВ,

Ёшлар Парламенти аъзоси, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят “Ёш адолатчилар қаноти” Кенгаши раиси 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+