Президентликка номзод Баҳром Абдуҳалимов: “Коррупцияни йўқ қилиш асосий мақсадимиздир”

06.10.2021 12:10:55

“Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Баҳром Абдуҳалимов фарғоналик сайловчилар билан учрашувда адолатли жамият ва адолатпарвар давлат қуриш борасида бир қатор таклифларни илгари сурди.

Ижтимоий ҳаётда адолатни таъминлаш муҳим эканлиги мисоллар ёрдамида тушунтириб берилди.

Депутатларнинг сайловчилар ва партия олдидаги масъулияти ва ҳисобдорлигини ошириш, уларнинг фаолиятини халқ ҳаёти билан узвий боғлаш чоралари кўрилиши таъкидланди. Давлат бошқарувининг барча соҳаларида, айниқса, суд тизими ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари фаолиятида, таълим соҳасида коррупцияни йўқ қилиш асосий мақсад эканлигига алоҳида эътибор қаратилди.

– Аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳити ва маданиятини шакллантириш, давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятига “Тоза қўллар” сиёсатини сингдириш, қонун устуворлигини таъминлаш чораларини кўрамиз,  – дейди Президентликка номзод Б. Абдуҳалимов. – Ижтимоий адолатни қарор топтириш, коррупцияга қарши курашишнинг энг самарали усулларидан бири – кадрларни танлаш ва ишга қабул қилишнинг шаффоф тизимини йўлга қўйиш уларнинг интеллектуал салоҳиятини, маънавий фазилатларини баҳолайдиган очиқ ва давлат бошқарувида ошкора танлов тизимини изчил амалга оширишдир. Коррупция билан курашиш нафақат давлат органлари ва ҳуқуқни муҳофаза этиш тузилмаларининг вазифаси, балки бутун жамиятнинг бурчи эканлигини эътироф этиб, жамиятда коррупцияга нисбатан мутлақо муросасизлик маданиятини шакллантиришга қаратилган тизимли чора-тадбирларни ишлаб чиқамиз ва кенг оммага етказиш борасида самарали тарғибот ишларини ташкил қиламиз.

М. Сулаймонов, ЎзА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+