Президентликка номзод Баҳром Абдуҳалимов шифокорлар билан учрашди

06.10.2021 10:10:11

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Баҳром Абдуҳалимов Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Андижон филиалида бўлди.

Андижон шаҳридаги мазкур филиал фаолияти билан танишди, даволаш жараёнларини кузатди. Шу ерда бир гуруҳ шифокорлар билан учрашиб, мулоқот ўтказди.

Мулоқотда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш, тиббиёт муассасалари, айниқса, ихтисослаштирилган тиббий марказлар моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, шифокорлар учун муносиб иш шароитлари яратиш, шунингдек, мамлакатимизда онкологик хасталикларни эрта аниқлаш, келиб чиқишининг олдини олиш, ушбу касалликка чалинган беморларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш хусусида фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

– Аҳолига кафолатли тиббий хизмат кўрсатиш, тиббиёт ходимлари меҳнатини рағбатлантириш, замонавий технология ва даволаш усулларини амалиётга кенг жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратамиз, – деди Баҳром Абдуҳалимов. 

– Мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимини қайта шакллантириш жараёнини давом эттирамиз.

Президентликка номзод сайловолди дастурида белгиланган Ўзбекистон Республикасининг Соғлиқни сақлаш кодекси лойиҳасини такомиллаштириб, фуқаролар соғлиғини сақлашнинг асосий принципларини аниқ белгилаш, аҳоли барча қатламларининг тиббий ёрдамдан баҳраманд бўлишига эришиш, “Тиббиёт ходими” мақомини белгилаш, уларнинг ижтимоий муҳофазасини таъминлаш ва турли тайзиқларнинг олдини олиш мақсадида мавжуд ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, шунингдек, репродуктив саломатлик масаласи, онкология, сил, қанд касалликларининг олдини олиш, ушбу касалликларни тўлиқ давлат ҳисобидан даволаш бўйича таклифлари юзасидан мулоқот қатнашчиларига маълумотлар берди.

Мулоқот давомида ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш, давлат томонидан бепул тиббий хизматлар ва дори воситалари рўйхатини қайта шакллантириш, аҳолини дори-дармон билан кафолатли таъминлаш тизимини босқичма-босқич йўлга қўйиш, фуқароларнинг тиббий маданиятини ошириш бўйича “Миллий дастур” қабул қилиш юзасидан таклифлар билдирилди.

Тиббиётнинг бирламчи бўғинини кучайтириш, айниқса, қишлоқ ва маҳаллаларда тиббий хизматни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, аҳолига замонавий, юқори технологияларга асосланган, ихтисослаштирилган ва малакали тиббий хизмат кўрсатиш тизимини шакллантириш айтиб ўтилди.

 

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+