Президентликка номзоднинг ишончли вакили хоразмлик сайловчилар билан учрашди

09.06.2023 14:06:16

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига партиямиздан кўрсатилган номзод – Махмудова Робахон Анваровнанинг Хоразм вилоятидаги ишончли вакили Икрам Абдуллаевнинг Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Хоразм филиалида сайловчилар билан учрашуви ташкил этилди.

Учрашувда онкологлар ва бошқа тиббиёт соҳаси ходимлари, “Ал Хоразмий” маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаролар, партия фаоллари ва депутатлари ҳамда ОАВлар вакиллари иштирок этишди.

Учрашув аввалида ишончли вакил номзоднинг таржимайи ҳоли билан иштирокчиларни таништирди ва Сайловолди дастуридан муносиб жой олган халқчил ва устувор ғояларнинг мақсад ва вазифалари, мазмун ва моҳияти тўғрисида ҳаётий мисоллар билан тушунтиришлар берди.

Номзоднинг Сайловолди дастурида Ўзбекистонда адолатли жамият ва адолатпарвар давлат барпо этиш жараёнлари, бунёдкор халқимиз ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлаш, ёшларни она юртга садоқат руҳида тарбиялаш, уларда ташаббускорлик, фидойилик, ахлоқий фазилатларни шакллантириш, халқимиз, ёшларимизнинг руҳий дунёсини издан чиқаришга қаратилган турли бузғунчи кучлар, маънавий таҳдидлар, ахборот хуружларининг олдини олишнинг қонуний асосларини яратиш асосий мақсад этиб белгиланган.

– Сайловолди дастурида илгари сурилган “Қонун асосида яшаш ҳаёт тарзимизга айланиши зарур. Бунинг учун, энг аввало, Конституция ва қонунларнинг устунлигини таъминлашимиз шарт. Бу борада Конституциямизда илғор ҳуқуқий механизмлар кўзда тутилган бўлиб, биз давлат хизматига ишга кирадиган ҳар бир ходимни Конституцияни билиш бўйича синовдан ўтказиш лозим, деб ҳисоблаймиз” каби устувор масалалар диққатимни тортди, – деди тадбир иштирокчиси Азамат Бозарбоев.  Агар Конституцион билимларимиз мустаҳкам бўлса, жамиятда содир бўладиган кўпгина муаммоларнинг олди олинади. Қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган номзоднинг мақсадлари биз иштирокчиларга жуда ҳам маъқул бўлди.

Фикр ва мулоҳазаларга бой бўлган учрашув сўнгида сайловчилар қизиққан саволларига ишончли вакил томонидан батафсил жавоблар олишди.

Воҳамизда ишончли вакилнинг учрашувлари давом этмоқда.

Замира АБДУЛЛАЕВА,
“Адолат” СДП Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+