Қадр билан улуғдир инсон

04.05.2021 12:05:05

Сурхондарё  вилоятида  Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан давлат ва жамоат ташкилотлари қаторида Ўзбекистон “Адолат” СДП вакиллари ҳам Иккинчи жаҳон уруши фахрийлари хонадонига ташриф буюриб, уларга иззат-икром кўрсатиш мақсадида қатор тадбирлар ўтказишмоқда.

Жумладан, Халқ депутатлари Музработ туман Кенгаши депутати Сайёра Бердиева етакчилик қилаётган гуруҳ билан бирга тумандаги 55-мактаб ўқувчилари ҳам фахрийлар хонадонига ташриф буюриб, уруш қатнашчиларига иззат-эҳтиром кўрсатишди.  Партиядошларимиз  тумандаги “Янги диёр” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Таган ота Раҳмонбердиев ҳузурида бўлишди. Собиқ жангчи бу йил 104 баҳорни қаршилади. У ўзига кўрсатилаётган ҳурмат-эҳтиромдан ниҳоятда хурсандлигини изҳор этди.

— Айни пайтда туманимизда Иккинчи жаҳон урушида қатнашиб, мардлик ва жасорат намуналарини кўрсатган инсонлардан тўрт киши умргузаронлик қилмоқда, — дейди партия Музработ туман Кенгаши раиси Абдуғани Жўраев. — Партия фаолларидан иборат гуруҳлар уларнинг хонадонларида бўлиб, байрам билан қутлашмоқда.

Учрашув давомида  Таган бобо билан бошидан ўтган  воқеалар, уруш хотиралари  хақида қизғин суҳбат  олиб борилди.

— Биз мансуб бўлган авлод қисматига беаёв урушдаги қонли жангларда иштирок этиш ёзилган экан, — дейди Таган ота Раҳмонбердиев. — Дунёни фашизм балосидан асраб қолишга Ўзбекистоннинг бир ярим миллионга яқин фарзанди ҳам ўз муносиб ҳиссасини қўшди. Жуда кўп қийинчиликларни бошдан кечирдик. Кўпдан-кўп юртдошдаримиз жанг майдонларидан қайтишмади. Бугунги кунда уларнинг матонати ва жасорати юксак баҳоланаётганидан миннатдормиз. Тилагимиз шуки, ер юзида ҳеч қачон уруш бўлмасин, юртимиз осмони тинч ва осойишта, халқимиз турмуши фаровон бўлсин.

Фахриддин ОРИФХОНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё

вилоят Кенгаши мафкуравий ишлар

бўйича раис ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+