Қайнона - оиланинг мезони

29.06.2021 18:06:24

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Термиз туман Кенгаши  ва туман Оила ва маҳаллани қўллаб-қувватлаш туман бўлими билан ҳамкорликда ташкил этилган “Адолатли қайнона” кўрик-танловида туман маҳаллаларидаги зукко, обрўли, маҳаллада ташаббускор қайноналар беллашишди.

Тадбирдан кўзланган мақсад, тумандаги фаол, ташаббускор, жамоа ва оилада ибратли фазилатларга эга, маҳалла-кўй орасида намуна кўрсата оладиган, савияси, сиёсий онги юқори, халқимиз учун муқаддас бўлган оила асосларини янада мустаҳкамлаб, хонадонларида тинчлик-хотиржамлик, аҳиллик ва ўзаро ҳурмат муҳитини ярата олган қайноналарни рағбатлантиришдан иборат.

Танлов шартларига кўра “Адолатли қайнона” кўрик-танловининг туман босқичида қайноналарнинг оқилалиги, саришталиги, сиёсий саводхонлиги, умумбашарий ва ижтимоий қадриятларни яхши ўзлаштирганлиги, эртак ва аллалар айтишдаги маҳорати синовдан ўтказилди.

Тадбир иштирокчилари бешта шарт бўйича беллашиб, улар оиладаги адолат мезони, фарзанд ва набиралар тарбиясида қайнонанинг ўрнини муҳимлигини турли образлар, савол-жавоб ва саҳна кўринишлари орқали очиб беришга ҳаракат қилишди.

Замира Қодирова, Термиз туман “Истиқлол” МФЙ фуқароси, тадбир иштирокчиси:

— Қайнона - оиланинг мезони. Қачонки у адолатли йўл тутса, муносабатлар мувозанати ўз ўрнида сақланади. Унинг йўл қўйган кичик хатоси эса, бир эмас, бир неча инсоннинг тақдирига таъсир кўрсатиши мумкин. Аввало, уйингизга келин бўлиб тушган қизни ўз фарзандингиз каби кўришингиз керак. Унинг янги оилавий муҳитга мослашишига кўмаклашиш, оилада учраб турадиган турли келишмовчиликларни вазминлик ва ақл билан ҳал қилишга ўргатиш керак. Қайнона озгина руҳшунос ҳам бўлиши шарт. Биз қайноналар, зиммамиздаги мана шу масъулиятни ҳис қилишимиз керак.

Иштирокчилар белгиланган шартлар асосида ўзларининг билим ва маҳоратини намоён этишди. Танлов натижаларига кўра, фахрли 3-ўринга тумандаги “Истиқлол” МФЙда истиқомат қилувчи адолатли қайнона Қурбонгул Қулматова, 2-ўринга тумандаги “Қуёшли юрт” маҳалласидан Улғузи Бозорова лойиқ деб топилди.  

Тумандаги “Ш.Рашидов” маҳалласи вакили Ойсифат Бозорова 1-ўринга лойиқ деб топилиб, танловнинг вилоят босқичида иштирок этиш учун йўлланмани қўлга киритди.

Тадбир якунида барча қатнашчиларга партия туман Кенгашининг дипломлари ва эсдалик совғалари топширилди.

 

Гулчеҳра ТУРДИЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП  Термиз туман “Аёллар қаноти” Кенгаши раиси, Халқ депутатлари Термиз туман Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+