Қайта тикланадиган энергия манбалари ривожи малакали кадрларни талаб этмоқда

20.10.2020 17:10:54

Сўнгги йилларда республикамизнинг иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳасида энергия самарадорлигини ошириш ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 26 майдаги “2017-2021 йилларда қайта тикланувчи энергетикани янада ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги ПҚ-3012-сонли,  2017 йил 8 ноябрдаги “Энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3379-сонли қарорлари ва  “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар Стратегияси”да иқтисодиётда энергия ҳамда ресурслар сарфини камайтириш, ишлаб чиқаришга энергия тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш, иқтисодиёт тармоқларида энергия самарадорлигини ошириш масалалари устувор вазифалар сифатида белгилаб берилган.

Юқоридаги устувор вазифалар ижросини  таъминлаш мақсадида юртимизда катта қувватли фотоэлектрик станциялар ва шамол электр станцияларини барпо қилиш ҳамда гидроэнергетикани янада ривожлантириш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда. Шу сабабли ушбу соҳада юқори малакали ва рақобатбардош кадрларни тайёрлаш долзарб вазифа ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, айнан қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасидаги муаммолар бўйича илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш ҳамда улар асосида ишлаб чиқилган таклиф ва тавсияларни амалда қўллаш илмий фаолиятнинг натижадорлигини таъминлаш имконини беради. Бу эса ўз навбатида қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни ривожлантиришда ҳам малакали илмий кадрларга бўлган талабни юқори бўлишига олиб келмоқда.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сайловолди дастурида ҳам қайта тикланувчи энергия манбаларини халқ хўжалиги тармоқларига кенг жорий этиш, инновацион тадқиқотларни ҳар томонлама ривожлантириш ва шу соҳада илмий изланишлар олиб бораётган олимлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилган. Биз ана шу вазифалардан келиб чиқиб, кенг қамровли ишларни олиб бораяпмиз.

Мамлакатимизда иқтисодиётни барқарор ўсишини таъминлаш ва аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш, ёқилғи – энергетика ресурсларига бўлган эҳтиёжни таъминлаш, энергия тежовчи технологиялар ва қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш бўйича давлат миқёсида кенг кўламли ишлар  олиб борилмоқда. Ушбу соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар мамлакатимизда ялпи ички маҳсулотнинг энергия сиғимини янада қисқартириш, маҳсулот таннархини камайтириш ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш каби муҳим вазифалар ижросига қаратилган.

Юқоридаги муҳим вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида  Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтида  “Қайта тикланадиган энергия манбалари: илмий тадқиқотлар, инновацион технологиялар ва ишланмалар” мавзуида илмий-техник анжуман бўлиб ўтди. Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Қашқадарё  вилоят Кенгаши, Халқаро қуёш энергияси институти, ЎзФА “Физика-қуёш” ИИЧБ, Муборак ИЭМ, Талимаржон ИЭС АЖ  ҳамкорлигида уюштирилган  анжуманда маҳаллий Кенгаш депутатлари, партия фаоллари, илмий изланишлар олиб бораётган олимлар, докторантлар, магистрантлар, изланувчилар, ишлаб чиқариш корхоналарининг етакчи мутахассислари ва рационализаторлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари  қатнашди.

Анжуман ишида Тошкент  давлат техника университети профессори, ЎзР ФА академиги К.Р. Аллаев, ЎзР ФА Халқаро қуёш энергияси институти бош илмий ходими, профессор Р.Р.Авезов, Инновацион ривожланиш вазирлиги Халқаро грантлар ва аккредитация бўлими бошлиғи, профессор Н.Р.Авезова, Халқаро қуёш энергияси институти директори,   Н.А. Матчанов, Россия Федерал давлат бюджет илмий муассасаси "Федерал илмий агроэнергетика маркази ВИМ" лаборатория мудири, профессор А.В.Виноградов ва бошқалар кун тартибидаги масала юзасидан ўз маърузалари билан иштирок этдилар.  

Шунингдек, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти  “Муқобил энергия манбалари” кафедраси профессори Ғ.Н.Узоқов ва олийгоҳ  профессор-ўқитувчилари томонидан кафедрада олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари натижалари асосида ташкил этилган “Муқобил энергия манбалари” ўқув-илмий полигонининг онлайн тақдимоти билан ҳам  таништирилди.

Қуёш энергиясидан фойдаланишнинг назарий ва амалий масалалари, паст потенциалли қуёш қурилмаларини такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш, биоэнергетиканинг замонавий муаммолари ва ривожланиш истиқболлари, ноанъанавий, қайта тикланувчи энергия манбаларидан комплекс фойдаланиш, қайта тикланувчи энергетика ва атроф-муҳит, қайта тикланувчи энергетика соҳасида малакали мутахассислар тайёрлаш муаммолари   муҳокама қилинди.   Ўзбекистон Републикаси Давлат илмий-техник дастурлари бажарилаётган халқаро илмий ҳамкорлик дастурларига боғлиқ бўлиши эътироф этилди. Шу билан бирга давлат илмий-техника дастури доирасида бажарилаётган илмий лойиҳалар ҳам ўрганилди.

Анжуманда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия самарадорлигини ошириш, энергия сиғимини янада қисқартириш, маҳсулот таннархини янада камайтириш ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш асосида ёқилғи балансини диверсификация қилиш орқали иқтисодий самарадорликни ошириш бўйича олиб борилаётган илмий ишларнинг натижалари таҳлил қилинди ва истиқболли йўналишлар белгилаб олинди.   

Анжуман республикамизда қайта тикланувчи энергетика соҳасида олиб борилаётган илмий ишларни умумлаштириб, фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини ривожлантириш ҳамда соҳа олимлари ўртасидаги ўзаро илмий-ижодий алоқаларни янада мустаҳкамлашда аҳамияти катта бўлди.

                                                                 Ғулом УЗОҚОВ,                       

      Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти

                   илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори

                         техника фанлари доктори, профессор, партия фаоли

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+