Қардош мамлакатлар ҳамкорлигининг янги саҳифаси

22.07.2022 20:07:34

Марказий Осиё халқлари азалдан ёнма-ён яшашган, қийинчиликларни биргаликда енгиб ўтишган. Кейинги йилларда фаоллашган маданий-гуманитар алоқалар беш мамлакатни янада яқинлаштирмоқда. Дўстлик делегациялари ташрифи ва ижодий сафарлар уюштирилиб, маданият кунлари, концертлар, кўргазмалар, анжуманлар ўтказилмоқда.

Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги алоқаларни юқори даражага кўтаришда, уларни ривожланиш стратегиясини белгилашда ва амалга оширишда бешта давлат раҳбарларининг кучли сиёсий иродаси ва узоқни кўзлаган сиёсати муҳим омил бўлмоқда. Бу эса албатта, ҳар бир мамлакатнинг кўп қиррали ҳамкорлиги ва дўстона алоқалари сифат жиҳатидан янги босқичга – стратегик ҳамкорлик даражасига кўтарилишига замин яратмоқда.

21 июль куни Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров таклифига биноан бешта давлат раҳбарларининг Чўлпонота шаҳрида ташкил этилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг тўртинчи Маслаҳат учрашувига ташриф буюрганлиги мустаҳкамланиб бораётган Марказий Осиё давлатларининг ҳамкорлиги, халқларимиз дўстлигининг яна бир ифодаси бўлди.

Минтақавий хавфсизликка замонавий хатар ва таҳдидларга қарши биргаликда чора кўриш борасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари, Марказий Осиё давлатларининг барқарор иқтисодий ўсишини таъминлаш, фаол маданий-гуманитар алмашинувларини давом эттириш мақсадида минтақавий шерикликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинган мазкур учрашувда Қирғизистон, Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон ҳамда Туркманистон президентлари иштирок этишди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев учрашувда сўзга чиқиб, ушбу форматда йўлга қўйилган мунтазам мулоқот туфайли Марказий Осиёда дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга, мутлақо янги конструктив ҳамкорлик муҳитини яратишга муваффақ бўлинганини, Марказий Осиёнинг хавфсизлиги ва барқарорлигини, мунтазам ривожланиб бораётган ижтимоий-иқтисодий тараққиётини таъминлаш бўйича мураккаб вазифаларни изчил ҳал қилиб келинаётганлигини таъкидлади.

Учрашувда Президентлар ўртасида XXI асрда Марказий Осиёни ривожлантириш йўлидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисида шартнома имзоланди. Давлат раҳбарлари Чўлпонота Маслаҳат учрашувининг қўшма баёноти, 2022-2024 йилларда минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича йўл харитаси, «Марказий Осиё учун «Яшил кун тартиби» минтақавий дастури ҳамда Марказий Осиё давлатларининг кўп томонлама форматлар доирасидаги ҳамкорлиги концепциясини қабул қилдилар.

Албатта, Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари иштирокида ўтказиб келинаётган бундай Маслаҳат учрашувлари натижасида давлатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва биродарлик ришталарини ва самимий муносабатларни янада мустаҳкамланишига эришилади ва халқларимизнинг азалий дўстлиги бардавом бўлади, деб ишонамиз.

Ориф ШУКУРОВ,

«Адолат» СДП Жиззах вилоят Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+