Қарор - мустаҳкам билим эгаллаш учун шароит ва имконият яратади

27.03.2021 16:03:36

Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан “Физика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга имзо чекди. Мазкур ҳужжат билан соҳада ечимини топмаган қатор масалалар, физика йўналишидаги таълим сифати ва илмий тадқиқот самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилиши кўзда тутилган.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда аниқ ва табиий фанлар, жумладан, математика ва физика фанларини ўқитиш сифатини ошириш таълим жараёнига замонавий услубларни жорий қилиш, илмий тадқиқот ва инновацияларни ривожлантириш ҳамда амалий натижадорликка йўналтиришга катта эътибор қаратилмоқда. Шу билан бирга соҳада ечимини топмаган қатор масалалар физика соҳасида таълим сифати ва илмий тадқиқот самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш заруриятини кўрсатмоқда. Айнан шу мақсадда давлатимиз раҳбарининг физика соҳасида таълим сифатини ошириш ва илмий тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори қабул қилинди.

Қарорнинг қабул қилинишидан кўзланган мақсадлардан бири шу пайтгача мамлакатимизда шаклланиб келган физика, яъни табиий фанлардаги мавжуд мактабларни янада кучайтириш, уларни ривожлантиришдан иборат. Бунда аввало, иқтидорли ёш авлодларни қидириб топиб, уларга айнан мана шу физика соҳасидаги билимларини янада кучайтириб, ҳаётга татбиқ этишида кўмаклашишдир. Иккинчидан, физика соҳасидаги илмий тадқиқотларни натижасини ҳаётимизнинг ҳар бир соҳасига, айниқса, иқтисодиётга жалб қилиш мақсад қилинган. Шу билан биргаликда, мактабларимизга илмий тадқиқот муассасаларини, олий таълим муассасаларини бириктириб бериш амалга оширилиши кўзда тутилган.

Мазкур қарор билан 2021-2023 йилларда физика фанлари бўйича таълим сифатини ошириш ва физика соҳасидаги илмий тадқиқотларнинг натижадорлигини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар Дастури қабул қилинди. Мазкур Дастурда физика фанини бугунги кунда ўқувчиларимиз мустақил фикрлайдиган, креатив ёндашув асосида ўқитадиган тизимга ўтказиш вазифаси белгиланган. Бунинг учун эса, биринчидан физика фанидан дарс бераётган ўқитувчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимига, айниқса қишлоқ жойлардаги физика фани ўқитувчиларини тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратиш вазифаси белгиланган. Бундан ташқари физика фанидаги амалдаги ўқув дастури ва дарсликларни кўриб чиққан ҳолда уларни бугунги боланинг ёшига мос, замонавий тилда, содда ўқитилиш масалаларига алоҳида урғу берилган. Шунингдек, олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда эса таянч мактабларида физика фанининг ўқитишнинг ўзига хос методлари ҳамкорликда олиб борилади. Бу ҳам бир таянч мактаби орқали мамлакатда ташкил этиладиган 28 та таянч мактабида бир хил даражада дарслар бериб борилиши улар орасида мутаносибликни таъминлашга ёрдам беради. Бунда мактабларда физика фани бўйича янги мультимедия материаллари маҳсулотлари яратилади. Мазкур материалдан фойдаланган ҳолда янги ўқув йилидан бошлаб босқичма босқич унинг тажрибаси умумтаълим мактабларига жорий этилади. Биз китоблардан фақат назарий билимларни оляпмиз. Лекин уни тасаввур қилишда ўқувчиларга озгина кўмак берилса, улар бундан унумли фойдаланган ҳолда тажрибаларини ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида фойдаланишлари мумкин. Қарорга асосан, соҳалардаги тадқиқотларни ўқувчиларимиз ўзлари компьютер орқали моделлаштирилган версияларини кўриб танишиб чиқиш ва айнан ўша версия орқали билимларини ошириш имкониятига эга бўлишади.       

Хулоса қилиб айтганда мазкур қарор аниқ фанларни ривожлантириш орқали мамлакатимиз иқтисодиётини кучайтириш, кўплаб инновацион ишланма ва ихтироларга йўл очиш, янги тадқиқотчиларнинг мустаҳкам оёққа туриши учун шароит ҳамда имконият яратиши билан аҳамиятлидир.

        Бекзод ЧОРИЕВ,

                                                                                                       Ёшлар Парламенти аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+