Қарор орқали сарсонликларга чек қўйилади

05.05.2021 22:05:32

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «Фуқароларга давлат пенсияларини тайинлаш жараёнини соддалаштириш ҳамда пенсия ва нафақаларни етказиб бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги  қарорни имзолади.

Мамлакатимизда пенсионерларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш, қариялар ва кекса ёшдагиларга ҳар томонлама ғамхўрлик қилиш, фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тизимини такомиллаштириш ва соҳада мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Албатта, пенсия ёшига етиб уни расмийлаштиришга анчагина вақт талаб этилади. Маълумотларга кўра мамлакатимизда ҳар йили ўртача 290 минг фуқарога пенсия тайинланади. Ҳужжатларни расмийлаштириш учун 14 та ташкилотдан 30 турдаги ҳужжатлар талаб этилади. Мазкур ҳужжатларни йиғиш учун эса ўртача икки ойгача вақтни эгаллар эди.

Энди ушбу оворагарчиликларга барҳам берилади.

Фуқароларга пенсия бўлимларига бормасдан электрон мурожаатлари орқали пенсия тайинлаш тизими йўлга қўйилади. Бунга давлат раҳбарининг қарори билан ҳуқуқий асос яратилади. Мазкур қарорга асосан, пенсия ва нафақаларни тайинлашда соддалаштирилган халқчил, янги тизим яратиш орқали қарияларимизни, кекса фуқароларимиз учун оворагарчиликларнинг олдини олиш мақсадида янгиликлар, афзалликлар яратиб берилади. Хусусан, битта паспорт ва идентификация картаси асосида пенсия тайинлаш тизими жорий этилади.

Шу пайтгача вазирлик ва ташкилотларнинг ахборот тизимлари интеграцияси ўзаро йўлга қўйилмаган эди, маълумотлар рақамлаштирилмаган эди. Мазкур қарорга асосан, барча мутасадди идораларнинг ахборот тизимлари, улардаги маълумотлар барчаси рақамлаштирилади ва тегишли фуқароларга тааллуқли бўлган барча маълумотлар электрон ахборот алмашинуви орқали олиш тизими жорий этилади.

Хулоса шуки, мамлакатимизда “Инсон манфаатлари ҳар нарсадан улуғ”, деган устувор ғояга асосланган, халқ фаровонлиги, юрт тараққиётига хизмат қилувчи янги босқичдаги самарали ислоҳотлар изчил давом этгани сайин халқимиз турмуши янада фаровонлашади.

Шоҳида ХОЛЛИЕВА,

Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+