Қарор юртимиз ёшлари учун яна бир имконият эшигини очди

03.08.2021 17:08:20

Ўзбекистонда таълим кредитларини молиявий ресурслар билан таъминлаш мақсадида таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси ташкил этилмоқда. Жамғармага давлат бюджетидан жорий йилда бир триллион сўм ажратилади. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёвнинг “Олий таълим ташкилотларида таълим олиш имкониятларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида бир қатор муҳим вазифалар белгилаб берилди.

Олий таълим муассасаларида таҳсил олиш истагидаги ёшларга кенг имкониятлар тақдим этиш, тўлов контракт асосида ўқиётган ҳар бир талабага билим олиш учун қулай шароитлар яратиш ва молиявий қўллаб-қувватлаш, бугунги кунда доимий эътибордаги масалалардан ҳисобланади. Президентимизнинг мазкур қарори ҳам ана шу эътиборнинг яна бир ёрқин намунаси бўлди, десак муболаға бўлмас.

Маълумотларга таянсак, бугунги кунда давлат олий таълим муассасаларида 528 мингдан кўпроқ талаба тўлов-контракт асосида, шундан 510 нафари бакалавр босқичида, 18 минг нафари эса магистратурада таълим оляпти. Агар тўлов контракт асосида таълим олаётган ҳамма талабалар таълим кредити олиш истагини билдирса унинг учун бир йилда ўртача 2,5 триллион сўм маблағ талаб этилар экан.  Қарорга биноан, 2021 йил 1 августдан бошлаб таълим кредитларини молиявий ресурслар билан таъминлаш учун Молия вазирлиги ҳузурида Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси ташкил этилиши белгиланди.

Айтиш жоизки, ўтган йили олий таълим муассасаларига ҳужжат топширган абитуриентлар сони 1,5 миллиондан ортиқни ташкил этди ва уларнинг 20 фоизи олий таълим муассасасига талаба бўлиш бахтига муяссар бўлди. Айрим оилаларнинг, яъни ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларда контракт тўлаш масаласи муаммо бўлганлиги туфайли, афсуски, баъзи абитуриентлар, талабалик бахтига мушарраф бўлган ёшларимиз ўқишларини давом эттира олмаганликларининг гувоҳи бўлдик. Давлат дастури лойиҳаси ишлаб чиқарилаётганда икки ва ундан ортиқ фарзанди мавжуд оилалар учун имтиёзли таълим кредити ажратиш давлат дастурига киритилган эди. Лекин, Президентимиз Ўзбекистон Ёшлар Форумидаги иштирокида нафақат бундай тоифа вакилларига, балки ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган барча ёшларга имтиёзли кредитлар бериш лозимлигини таъкидлаб ўтдилар. Ва юқоридаги вазифалардан келиб чиқиб мазкур қарор Президентимиз томонидан имзоланди ва ўйлаймизки, мазкур қарор ёшларнинг бевосита таълим олиши мотивациясини оширишга ва шу билан биргаликда ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган оилаларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

Шунингдек, Президент қарорига асосан, талабалар ва уларнинг ота-оналари учун енгилликлар яратиляпти, Хусусан, ўқув йили мобайнида Марказий банкнинг асосий ставкаси пасайтирилган тақдирда ресурс маблағлар ва таълим кредити бўйича фоиз ставкаси мутаносиб равишда пасайтирилади. Оширилган тақдирда эса ўзгаришсиз қолади. Таълим кредити Марказий банк асосий ставкаси миқдорида талаба Олий таълим муассасасидаги ўқишини тамомлагандан сўнг еттинчи ойдан бошлаб етти йил мобайнида қайтариш шарти билан берилади. Масалан, талаба олий таълим юртида тўрт йил ўқиса унга таълим кредити ўқишни тамомлагач етти йил давомида асосий қарзини қайтариш шарти билан расмийлаштирилади.

Эътиборли томони шундаки, қарорда ижтимоий ҳимоя ягона реестрига киритилган оилалар фарзандларидан таълим кредити учун гаров ва кафилликлар талаб этилмаслиги белгиланди.

Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбарининг ушбу қарори ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йилида Ўзбекистон ёшларининг илм олишлари йўлида яна бир имконият саналади.

Соҳибжамол КАТТАЕВА,

Ёшлар парламенти аъзоси

 

 

 

 

 

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+