Қимматга тушаётган дорилар

13.06.2022 15:06:40

Соғлиғининг ёмонлашганини сезган бемор борки, шифокорга мурожаат қилади. Керакли муолажани ёздириб олгандан сўнг эса уларни харид қилиш учун дорихонага ошиқади. Кишини таажжубга соладиган томони шундаки, бемор одам харид қилмоқчи бўлган дори-дармонлар дорихоналарда ҳар хил нархда сотиляпти. Нега?..

Бугун вилоят ва Шаҳрисабз шаҳар Кенгаши томонидан Шаҳрисабз шаҳар тиббиёт бирлашмаси тадбиргоҳида «Дори воситаларининг ноқонуний айланишини олдини олиш, нархларнинг барқарорлигини таъминлаш ва уларни шифокор рецептисиз сотилишига барҳам бериш» мавзусидаги тадбирда ана шу саволга жавоб изланди.

-Очиғи, мен дорихоналарда бўлиб, дори-дармонларни белгиланган нархларда сотилишини мунтазам назорат қилиб бораман,-деди тадбирда халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Руиддин Раупов.-Бу етарли эмас. Нарх навони назорат қилувчи ташкилотлар ҳам бу борада фаол бўлиши лозим.

-Мен бу ҳолга бутун республикамиз бўйлаб кузатишларимда кўп марта гувоҳ бўлганман,-деди партия фаоли Дилрабо Темирова.-Дорихоналарда сотилаётган дори-дармонлар нархи барқарорлашмаган. Бунинг устига дориларни сақлаш шароитига ҳам умуман риоя этилмайди. Масалан, 15-20 даража ҳароратда сақланиши керак бўлган дорилар 30-35, ҳатто ундан ҳам юқори ҳароратда сақланяпти. Бунга ким жавоб беради?.. Оқибатда эса халқимиз ана шу сифати бузилган дорилардан фойдаланишга мажбур бўлмоқда. Шунинг учун дори-дармонлар сақланишини, сифатини назорат қилувчи масъуллар жавобгарлигини ошириш керак.

-Мен куни кеча Қарши шаҳридаги 10 га яқин дорихоналарда бўлиб, «Полижен» витамини нархи билан қизиқдим,-деди тадбирда сўзга чиққан партия фаоли Самариддин Зайнуддинов.-Тўғриси, бунга ўзим ҳам ҳайрон қолдим. Мен рўбарў келган дорихонага «Полижен» 97 минг сўм турган бўлса, бошқасига 77 минг сўм, яна бошқасига эса 101 минг сўмдан сотиляпти.

Давлатимиз раҳбари томонидан ҳар сафар ўтказилаётган видеоселектор йиғилишларида дори воситаларининг ноқонуний айланишини олдини олиш, нархларнинг барқарорлигини таъминлаш борасида аниқ-тиниқ кўрсатма ва йўл йўриқлар бериляпти.

Бироқ, жойлардаги мутасадди идоралар масъуллари томонидан етарлича назорат қилинмаяпти. Тадбирда шулар хусусида ҳам сўз юритилди. Маҳаллий Кенгаш депутатлари томонидан назорат қилувчи ташкилотлар масъулларига тегишли топшириқлар берилди. Вилоятдаги хусусан, Шаҳрисабз шаҳри ва туманида фаолият олиб бораётган дорихоналардаги аҳволни қисқа муддат давомида тартибга келтиришга тегишли кўрсатмалар берилди. Вилоятдаги барча дорихоналарда сифатли дорилар сотилишини таъминлаш ва нархлар барқарорлигига эришиш юзасидан ҳамкор ташкилотлар билан узлуксиз назорат қилиб боришга келишиб олинди.

Ўзбекистон «Адолат» СДП

Қашқадарё вилоят

Кенгаши матбуот хизмати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+