Қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати талаб даражасидами?

14.12.2023 17:12:50

Ҳар йили совуқ кунлар яқинлашиши билан мавсумга жиддий тайёргарлик бошланади. Бусиз иложи йўқ. Чунки олдиндан иситиш ва энергия билан таъминлаш чораси кўрилмаса, ҳаво совиб кетганда қийин аҳволга тушиб қолиш тайин. Биламизки, кўплаб аҳоли яшаш жойларида бу борада муаммолар учраб туради.


Яширишнинг ҳожати йўқ, қиш фаслида айрим кўп қаватли уйларнинг юқори қаватдаги эгаси томдан чакка ўтишидан азият чекса, пастки қаватдагилар зах ва ертўладан анқийдиган бадбўй ҳиддан нолишарди. Бундан ташқари, иссиқ ва совуқ сув тармоқларидаги носозликлар, иситиш тизимидаги камчиликлар оддий ҳолга айланиб қолган эди. Қишлоқ шароитида эса аҳоли олдида ўтин-кўмир ғамлаш ташвиши туради. Шубҳасиз, газ, электр энергиясидаги узилишларни ҳал этиш масаласи кун тартибига чиқади. Бундан ташқари, мактабгача таълим муассасалари ва умумтаълим мактабларидаги куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолатлари алоҳида ўрин тутади.


Хўш, бу йил юртимизда куз-қиш мавсумига қандай ҳозирлик кўрилди? Юқоридаги муаммоларга жойларда қай даражада ечим топди?
Куни кеча Давлатимиз раҳбари раислигида бу каби камчиликларни бартараф этиш, мавсумни беталофат ўтказиш бўйича вазифаларнинг бажарилиш ҳолати муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.


Маълумки, ўтган қишдаги совуқдан келиб чиқиб, бу мавсумга жиддий тайёргарлик кўрилди. Ички имкониятлар тўла ишга солиниб, тармоқлар модернизация қилинди. Муассаса, корхона ва маҳаллалардаги камчиликлар бартараф этилди.
Йиғилиш аввалида давлатимиз раҳбари қўшимча энергетика қувватларини яратиш бўйича тизимли ишлар ташкил этилгани, натижада қисқа вақтда 675 мегаватт ишга туширилгани, йил якунига қадар 2,2 минг мегаваттли 7 та станция ишга туширилгани, шунингдек, 100 та подстанция, 11,5 мингта трансформатор ва 34 минг километр тармоқлар янгиланганлиги таъкидланди.
Йиғилишда айрим ҳудудларда энергетика тизимида кузатилаётган муаммолар муҳокама қилинди. Президентимиз ижтимоий тармоқларда билдирилаётган фикрларга алоҳида эътибор қаратди.

Давлат раҳбари камчиликларни бартараф этиш ва келгусида олдини олиш учун электр тармоқлари ва газ таъминоти мутасаддиларига авария бригадаларини шай ҳолатга келтириб, туну кун ишлашини таъминлаш, зарур восита ва материаллар захирасини кўпайтириш бўйича топшириқ берди.
Албатта, ҳудудларда ижтимоий соҳа объектлари, аҳолининг куз-қиш мавсумига шай эканлиги, уларнинг электр энергия ҳамда табиий газ билан таъминланганлик, кўмир етказиб бериш ҳолатлари махсус ишчи гуруҳлари, депутатлик гуруҳлари ҳамда сиёсий партия вакиллари томонидан ҳам мунтазам ўрганиб келинмоқда.
Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгаши депутати - Ориф Шукуров ҳамда партия вакиллари томонидан ижтимоий соҳа объектлари бўлган умумий ўрта таълим мактаблари, мактабгача таълим муассасаларининг қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати ўрганилди. Жумладан, Жиззах шаҳридаги “А. Навоий” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 7-МТМ, 21-МТМларнинг ҳамда ҳудуддаги 3-умумтаълим мактабининг қиш мавсумига тайёргарликнинг реал ҳолати ўрганилди. Хусусан, вилоят Кенгаши депутати - Ориф Шукуров ҳамда ишчи гуруҳ томонидан мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида ўтказилган ўрганишлар жараёнида ҳудуд аҳолиси билан суҳбатлашиб, ижтимоий объектлардаги қишга тайёргарлик, электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ, ичимлик сув таъминоти, кўмир захираси, санитар-гигиеник ҳолат бўйича айни пайтдаги вазиятни ўрганишди.


Ўрганишлар мобайнида мактаб ва мактабгача таълим муассасаларининг қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати қониқарли эканлиги маълум бўлди, шунингдек ижтимоий объектлардаги табиий газга мўлжалланган қозонхоналарнинг узлуксиз ишлашини таъминлашда газ таъминотидан узилишлар юзага келганида, ўтин ҳамда кўмир маҳсулотларидан фойдаланган ҳолда ишлатиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Айтиш жоизки, бугун жойларда олиб борилаётган ўрганиш ишлари аҳолининг оғирини енгил қилиш, совуқ кунларда уларни қийнаши мумкин бўлган муаммоларни олдини олиш, қиш мавсумини беталофат ўтказишда катта роль ўйнайди. Бу эса сиёсий партиялар ва депутатлик гуруҳларидан ҳам соҳада жамоатчилик назоратини ўрнатиш ва аҳоли билан ҳамнафас ишлашлари учун алоҳида масъулият талаб этади.

“Адолат” СДП Жиззах вилоят Кенгаши матбуот хизмати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+