“Қизил” муаммоларга ечим бўлгувчи “яшил” ташаббуслар

01.06.2021 16:06:49

Дунё ҳамжамияти доимо бутунжаҳон учун долзарб масалаларни муҳокама қилиб келади. Аҳолининг кўпайиши, саноатнинг ривожланиши, инсоният учун яратилган қулайликлар бир томондан ижобий баҳоланса, иккинчи томондан инсоният учун хавф соладиган баъзи бир оқибатларга ҳам олиб келиши мумкин. Жумладан, ер шарининг глобал исиши, Орол денгизининг қуриши, экологик муҳитнинг бузилиши ва бошқа сабаблар туфайли инсоният азоб чекмоқда. Эндиликда саноатни атроф-муҳитга зарари кам қилиб ривожлантириш технологияларини ишлаб чиқиш, ер шарини ям-яшил ҳудуд сифатида сақлаб қолиш жаҳон мамлакатлари олдидаги муаммога айланмоқда.

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Жанубий Корея республикаси Президенти таклифига биноан Сеул шаҳрида ўтказилаётган видеоанжумандаги иштироки чоғида илгари сурган ташаббуслари бу масалалар ечимида умид уйғотди. Жумладан, “яшил технологияларни жорий этиш” ташаббуси дунё мамлакатлари экологиясига бирдай хавф солиб турган Орол муаммоларига малҳам бўлишда муҳимдир.

Шунингдек, энергия тақчиллиги масаласи ҳам мамлакатимиз олдидаги ўз ечимини кутаётган масалалардан биридир.

Сайловолди учрашувларимиз пайти аҳолидан бўлган кўпсонли саволлар ҳам шу мавзуда эди. Депутатлик давримда ҳам куз-қиш мавсумининг долзарб масаласи, “ёнаётган” мавзу мана шудир. “Адолат” СДП ҳам узоқ пайтлардан бери қайта тикланувчи энергиядан фойдаланишга ўтиш ташаббусини илгари суриб келади. Яқин йиллар ичида Президентимиз бу масалада бир неча ҳужжатларни имзолади ва булар асосида алоҳида қонун қабул қилинди. Шавкат Мирзиёев видеоанжуманда ҳам қуёш ва шамол энергиясидан фойдаланишни уч баравар ошириш ташаббусини илгари сурди. Бу йўл энг самарали ва экологик хавфсиздир. Кенг жамоатчиликнинг фикри ҳам шундай. Бу борада дунёнинг ривожланган мамлакатлари тажрибасини ўрганиш ва татбиқ этиш зарур. Саноат, иқтисодиёт ривожи, уй-жой коммунал хўжалик муаммолари ечимида бу муҳим. Қолаверса, мамлакатни рақамлаштириш учун, тезкор Интернет тармоғи, узлуксиз электроэнергияни таъминлашда аввало шароит яратиш керак.

Президент томонидан билдирилган бошқа ташаббуслар ҳам замонавий дунёга мос равишда жамиятни, мамлакатни тараққий эттириш, мамлакат ёшларининг салоҳиятидан фойдаланишга қаратилгандир.

 

Гулбаҳор Саидғаниева,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
“Адолат” СДП фракция аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+