Қўлбола жазо – жаҳолат усули

28.07.2021 12:07:14

 

Сўнгги вақтларда интернет ижтимоий тармоқларда “ўзича судлаш” (самосуд) ҳолати акс этган видеотасвирлар кўпайиб, мазкур мавзулар халқ орасида оммалашиб, “тренд”га чиқмоқда.

Куни кеча Тошкент вилояти Паркент туманида сойда чўмилгани айтилган аёлнинг “самосуд” қилингани акс этган видеолавҳа  тарқалди. Ёнида бир неча эркаклар борлиги акс этган лавҳада аёл киши бошқа бир аёлга зўрлик ишлатиб, уни эгнида бўлган бор кийимларини зўрлик билан ечиб, уриб-тепиб, тан жароҳати етказган. 

Мазкур ҳолат юзасидан “Адолат” СДП Паркент тумани Кенгаши фаоллари томонидан  ўрганишлар олиб борилди.

Аниқланишича, воқеа юз берган туманнинг “Невич” маҳалласи ҳудудида жойлашган “Коинот фазо” оромгоҳидан оқиб ўтувчи “Қизилсой” сой сувидан аҳоли ичимлик суви сифатида фойдаланиб келади. Мазкур маҳалла ҳудудидаги янги ишга туширилган қувурлардаги техник носозликлар тоза ичимлик суви  танқислигига олиб келмоқда.

Ҳозирги, айни ёзнинг жазирама кунларида бу ерда дам олувчиларнинг  кескин кўпайиши натижасида сув ҳавзасининг янада ифлосланиб, мутлақо  истеъмолга яроқсиз ҳолга келиб қолиши аҳоли норозиликларини келтириб чақараётгани маълум бўлди.

Айни вақтда мазкур ҳолат юзасидан ички ишлар органлари томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Биз қандай жамиятда яшашни истаймиз ўзи? Бир томондан қонунлар ишламаслиги, жамоатчилик назорати сустлиги, адолатсизликлар кўплигидан нолиймиз, инсон ҳуқуқлари, эркинликларини оёқости қиламиз. Кучли давлат кучли фуқаролик жамияти орқали бунёд бўлишини нотўғри тушунамиз.

Таъкидлаш жоизки, “самосуд” қилмоқчи бўлган фуқаролар  бевосита  ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга  мурожаат қилмасдан, ўзлари  билганича шахсга нисбатан жароҳат етказишлари ёки бошқа бир усулда унга тазйиқ ўтказиши  орқали  нафратини кўрсатмоқчи бўлади. Натижада, ўзи билмаган ҳолда айбланувчига айланади. “Самосуд” орқали кимгадир оғир, кимгадир енгил тан жароҳати етказган одамга жиноий жавобгарлик муқаррар.

Эътироф этиш кераки, Ўзбекистон Республикаси ўзининг конституциясига, қонунларига эга бўлган мамлакат. Биздаги барча қонунлар конституция ва халқаро ҳуқуқни умумэътироф этилган нормаларга асосланган. Барча ҳуқуқ ва оқибатлар фақат жиноят кодекси билан белгиланади. Агар маъмурий иш бўлса маъмурий,  фуқаролик бўлса фуқаролик кодекси билан ечим топилади. Ҳеч ким суд ҳукмисиз  жиноят содир этилишида айбдор деб топилиши ва қонунга хилоф равишда жазога тортилиши мумкин эмас. Бу жиноят кодексларининг принципларида қатъий белгиланган. Жиноят содир қилишда айбдор деб топилган шахс фақат қонунда белгиланган тартибда жазоланади.

Хулоса шуки, кимнидир ўзича жазолашга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ!

 

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши матбуот хизмати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+