Қон бериш – жони хавф остида бўлган инсонларга ҳаёт ҳадя этиш

06.12.2021 10:12:57

Партиянинг Жиззах вилоят Кенгаши томонидан 3 декабрь “Халқаро ногиронлар куни” муносабати билан вилоят қон қуйиш марказида ҳамда вилоятнинг барча туманларидаги қон қуйиш марказларида беғараз донорлик акцияси кўтаринки кайфиятда ташкил этилди.

— Беғараз донорлик кимнингдир саломатлиги, унинг ҳаёти учун ҳадя этиладиган бебаҳо неъматдир. Айниқса, болаларнинг саломатлигига қаратилган бўлса, савоб қилишга янада кучлироқ ундайди — дейди партиянинг вилоят Кенгаши раиси Ориф Шукуров. — Донорлик учун тарғиботни кучайтириш доимо долзарб масала бўлиб келган. Қон топшириш соғлом одам учун хавфсиз. Нафақат хавфсиз, балки фойдали ҳамдир.

Мазкур акцияни ташкил қилишдан кўзланган мақсад тиббий-ижтимоий ҳимояга муҳтож болажонларни қўллаб-қувватлаш, фуқароларни кўнгилли равишда қон топширишга чақириш орқали бемор болаларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, жамиятда меҳр-оқибат ва инсонпарварлик ғояларини тарғиб қилишдан иборатдир.

Ўтказилган  акциясида маҳаллий Кенгаш депутатлари, ҳудудий партия ташкилотлари ходимлари, “Аёллар қаноти” ва “Ёш адолатчилар” қаноти Кенгаши аъзолари ҳамда партия фаоллари иштирок этишди.

— Ўз хоҳишим билан ушбу савобли ишга ҳисса қўшдим, — дейди партия фаоли Маҳмуд Холбоев. — Кўплаб инсонлар қон топширишади. Албатта, кимнингдир саломатлиги йўлида бу каби хайрли ишларни амалга ошириш халқимизнинг қанчалик бағрикенг ва олийжаноб эканлигини яна бир бор кўрсатиб беради. Мен барчани ушбу савобли ва ҳайрли ишга чорлаб қоламан.

Ҳақиқатдан ҳам, қон бериш – жони хавф остида бўлган инсонларга ҳаёт ҳадя этишдир. Ҳаёт ҳадя этиш - савобли ишнинг энг олий ифодаси саналади. Шундай экан, савоб ишни амалга оширишга кечикмайлик.

Акция давом этмоқда.

Пўлат ҲАМЗАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши

раиси ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+