Қонунлар ижросини таъминлаш ва бюджетни шакллантиришда гендер ёндашуви таҳлил этилди

01.06.2021 16:06:57

Кейинги вақтларда айрим фитнакор, бузғунчи ғояларнинг таъсирига тушиб қолган ва оқибатда ҳам руҳан, ҳам жисмонан жабрланаётган хотин-қизлар ҳақидаги хабарлар қулоғимизга чалиниб қолаётгани ҳам аёл-депутат, ҳам ўзбек оналаридан бири сифатида мени жуда ҳам хавотирга солаяпти. Бу каби хабарлар, воқеликлар жамиятда хотин-қизларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш борасида қиладиган ишларимиз кўплигини яна бир бор эсга солади.

Хўш, шу ўринда савол туғилади: Нима қилсак, қандай йўл тутсак, опа-сингилларимиз ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини билади? Қонунчилигимизнинг қайси жойида бўшлиқ мавжудлиги эҳтимоли бор? Ёки қайси қонунларимизни ижросида оқсоқликка йўл қўйилаяпти? Бу борадаги қонунчиликни такомиллаштиришда аёл депутатларнинг ўрни, иштироки сезилаяптими?

Жорий йилнинг 26-28 май кунлари Тошкент вилоятида “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги – USAIDнинг ҳуқуқий ислоҳотлар Дастури ҳамкорлигида ўтказилган “Қонунлар ижросини таъминлаш ва бюджетни шакллантиришда гендер ёндашуви” мавзусидаги семинар-тренингда айнан шу ва шу каби саволларга жавоб излашга интилдик. Мазкур семинар-тренингда Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш ва хотин-қизларнинг ҳуқуқ-манфаатларини таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган ислоҳотлар, Ҳаракатлар стратегияси доирасида ҳар йили қабул қилинаётган Давлат дастурларида аёллар ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш масалалари ҳар томонлама таҳлил қилинди.

Мазкур семинар-тренинг иштирокчиларидан бири сифатида айта оламан, бу каби жонли ва самимий мулоқотга бой бўлган машғулотлар биз, депутатларга ҳар томонлама фойдали бўлди. Хусусан, аввало Ўзбекистонда хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришга қўшаётган ҳиссамизга четдан туриб назар солишга имкон берди.

Эътироф этилганидек, 2019 йилда “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларнинг қабул қилинган. Мазкур ҳужжатларимиз хотин-қизларни турмушда, иш жойларида, таълим муассасаларида ҳамда бошқа жойларда тазйиқлар ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишга қаратилган. Ушбу соҳадаги муносабатларни тартибга солиш, шунингдек, тазйиқлар ва зўравонликдан жабрланганларни ҳуқуқий ҳамда ижтимоий ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш ҳам қонуннинг муҳим мақсадларидан. Амалиёт ва хорижий тажриба шуни кўрсатмоқдаки, айни пайтда бу қонунларимизга ҳам ўзгартириш ва қўшимча киритиш зарурати юзага келган.

Масалан, қўшни давлатларимиздан бири Қирғизистон Республикасида Ўзбекистон қонунчилигида мавжуд бўлмаган “оилавий зўравонлик” тушунчаси киритилган бўлиб, 2020 йилда “Оилавий зўравонликдан ҳимоя қилиш ва муҳофазалаш тўғрисида” ги қонунга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра, тазйиқ, зўравонликнинг ҳар қандай туридан жарбрланган инсон ҳақида маълумотдан хабардор инсон бу ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотларга ариза билан мурожаат қилиши мумкинлиги эътиборимни тортди. Илгари фақатгина жабрланувчининг ўзи бу бўйича тегишли тартибда ариза билан мурожаат қилиши мумкин бўлган.

Бундан ташқари, Қирғизистон қонунчилигида зўравонликдан жабрланганлик ҳолати бўйича судга берилган ариза қонунда белгиланган бошқа муддатлардан қатъий назар ўн иш кунида кўриб чиқилиши белгиланган. Жарбрланувчи давлат томонидан ажратилган вақтинча яшаш муассасасида бир ойгача бўлган муддатда яшаш ҳуқуқидан фойдаланиши, давлат томонидан руҳий-ижтимоий кўмакка эга бўлиши мумкин. Қолаверса, Қирғизистоннинг амалдаги қонунида нафақат аёлни, балки оилавий зўравонликдан жабрланган болаларни ҳам ҳимоя қилиш механизми акс эттирилган.

 

Тадбирда хорижий тажрибадан ташқари USAIDнинг ҳуқуқий ислоҳотлар дастури мутахассислари томонидан депутатлар учун гендер таълимининг долзарблиги, гендер ёндашувда иш олиб бориш сабоқлари бўйича амалий машғулотлар ўтказилди. Хусусан, қонунчилик ижроси ва таъминотида гендер тенглигига риоя қилмаслик натижасида қандай муаммоли фактлар вужудга келаётгани, уларни келтириб чиқарувчи ҳолатлар ва сабаблар интерфаол услубда очиб берилди.

Муҳими, Қонунчилик палатаси депутатлари олдида турган вазифалар муҳокама қилиниб, мисол тариқасида гендер тенглик соҳасини тартибга солувчи “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг бугунги кундаги ижроси кўриб чиқилди.

Семинар-тренингнинг иккинчи кунида иштирокчиларга ораторлик ҳамда гендер тенглик масалалари бўйича лойиҳаларни тақдимот қилиш маҳорати, якунида эса “Муаммолар дарахти” ечими бўйича гуруҳларга бўлиниб ишланган ишлар тақдимотлари ўтказилди.

Қизғин баҳс-мунозаралар тарзида кечган семинар-тренинг жараёнида халқаро тажрибадан келиб чиққан ҳолда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш борасида бир қатор таклифлар ва мулоҳазалар билдирилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 28 май куни бўлиб ўтган ўн бешинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикасида 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегиясининг қабул қилингани ҳам алоҳида эътироф этилди.

 

 

Гулруҳ Агзамова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+