Қонунни ҳеч ким четлаб ўтишга ҳақли эмас

13.04.2021 12:04:26

Куни кеча  ижтимоий тармоқларда Термиз шаҳрида мактаб ўқувчисининг номусига тегилгани ва бу ҳолат бости-бости қилинганлиги,  ИИБда бу каби жиноятларни яшириш ҳолатлари кўпайаяётганлиги хусусидаги хабар тарқалган эди. Хабарда орадан 14 ой ўтган бўлса-да, шаҳар ИИБ ҳолат юзасидан жиноят иши очилмаганлиги баён қилинганди.

Шунга асосан, Сурхондарё вилоят ва Термиз шаҳар Кенгаши вакиллари ва партия вилоят ва Термиз шаҳар “Аёллар қаноти” Кенгаши вакиллари ва партия Термиз шаҳар Кенгаши депутатлари  мазкур ҳолат юзасидан ўрганиш ишларини олиб борди.

Ўрганишларда мактаб ўқувчисининг зўрлангани ҳолати бўйича Термиз шаҳар прокурори жиноят иши очишни рад этиш тўғрисидаги шаҳар ИИБ қарорини бекор қилганлиги маълум бўлди.

Сурхондарё вилояти прокуратураси ахборотига кўра, қарор 5 апрель куни бекор қилинган ва қўшимча терговга қадар текширув ўтказиш учун Термиз шаҳар ИИБ Тергов гуруҳига юборилган.

Шунингдек, ҳолат юзасидан Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти ҳам баёнот берган.

Департамент маълумотига кўра, Термиз шаҳрида яшовчи фуқаро Р.С. Термиз шаҳри бўйича ИИО ФМБ 1-сонли ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб (ариза қачон берилгани хабарда очиқланмаган), қизи 2003 йилда туғилган С.Ч.ни олдиндан таниши бўлган 1994 йилда туғилган Б.Э. исмли йигит 2020 йилнинг январь ойида Термиз шаҳридаги рестораннинг қоровулхонасида зўрлаб, номусига текканини маълум қилган ва унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Бу қарорни 5 апрель куни прокуратура бекор қилгач, 6 апрелда Термиз шаҳри бўйича ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан судга оид қайта комиссион тиббий экспертиза тайинланиб, тўпланган ҳужжатлар ССВнинг Республика суд-тиббиёт экспертиза илмий-амалий марказига юборилган.

Ҳозирда терговга қадар текширув ҳаракатлари қайтадан ўтказилмоқда. Ҳолатни Сенат ва Ички ишлар вазирлиги назоратга олган. Жиноят иши очишни рад этган масъул ходимларга нисбатан хизмат текшируви тайинланган.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси адолат ғоясини ҳамиша тарғиб қилиниши тарафдоридир. Жамият қонунлари олдида барча тенг ва баробардир.Шундай экан, у ким бўлишидан қатъи назар ўз жинояти учун қонун олдида жавоб бериши керак.

 

Назокат ХИДИРОВА,

Ўзбекистон “Адолат”СДП вилоят

“Аёллар қаноти” Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари

Термиз шаҳар Кенгаши депутати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+