Қўқон шаҳридаги ҳолат: ижтимоий тармоқдаги фуқаро мурожаати асослими?

15.07.2021 09:07:31

Ижтимоий тармоқларда Қўқон шаҳар тез тиббий ёрдам автомашинасида кондиционер бўлмаганлиги ва шаҳар шошилинч тиббий ёрдам шифохонасида дори воситалари йўқлиги фуқаронинг эътирозига сабаб бўлган хабарлар тарқалган эди. Мазкур  хабарнинг қанчалик асосли эканлигини аниқлаш мақсадида  Ўзбекистон “Адолат” СДП Қўқон шаҳар Кенгаши раиси Азизхон Аҳмаджонов  Қўқон шаҳар тиббиёт бирлашмасида бўлиб, ҳолат билан танишди. Бирлашма бош шифокори Акрам Урманов билан суҳбатлашди.

Маълум бўлишича, бугунги кунда Қўқон шаҳар тиббиёт бирлашмаси таркибидаги тез тиббий ёрдам бўлимида 6 та “Hyundai”, 11та “Damas”, 1 та «Nissаn», 1 та «Тоyота» каби 19 та тез тиббий ёрдам автомашиналари аҳолига хизмат кўрсатиб келмоқда.

Фуқарога чақирув бўлганда “Damas” автомашинаси тез тиббий хизмат кўрсатиш учун борган ва беморнинг ҳолатидан келиб чиқиб, 2021 йил 8 июль куни соат 20-15 да шошилинч тиббий ёрдам шифохонасига олиб келинган. Тез тиббий ёрдам автомашинасида совитиш учун кондиционер ўрнатилмаган бўлса-да, транспортировка жараёнида беморнинг аҳволини оғирлаштирувчи ҳолат кузатилмаган.

Бемор М.Метазимов шаҳар шошилинч тиббий ёрдам шифохонаси қабул диагностика бўлими педиатрия хонасига олиб келинган.  Навбатчи шифокор З.Тўрақулов томонидан кўрилиб, ўткир респиратор инфекция ташхиси қўйилган. Унда шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишга ҳеч қандай асос бўлмаган. Бемор болалар бўлимида ётиб даволаниши тавсия этилганда, онаси томонидан тавсия рад этилган ва амбулатор шароитида уйида даволанишини билдириб, дори-дармон ёзиб беришини шифокордан сўраган. 

Навбатчи шифокор З.Тўрақулов амбулатор шароитида даволаниши учун рецепт асосида беморнинг онасига керакли дори-дармонларни ёзиб берган. Зарур муолажалар ўтказилганидан сўнг бемор ҳолати қониқарли бўлгач, уйига рухсат берилган. 

Бугунги кунда бўлимга мурожаат қилган беморларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун барча дори-дармонлар ва тиббий буюмлар мавжуд бўлиб, доимий таъминлаб борилмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 1994 йил 4 августдаги 404-сонли “Республикада дори-дармонлар ва тиббий буюмлар билан таъминлашни ва уларни тақсимлашни яхшилашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорига асосан шифохонада мавжуд бўлмаган дори-дармонлар фуқароларга рецепт асосида қўлларига ёзиб берилади.   

Бу ҳолатда айтиш мумкинки, фуқаро томонидан ижтимоий тармоқда асоссиз маълумотлар тарқатилган.   

 

Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши матбуот хизмати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+