Рамазон ойида нега нархлар кўтарилиб кетади?

15.03.2024 14:03:49

Рамазон ойи кириб келиши билан аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида нарх-наволар туширилади ёки камида оширилмай туради. Бу Рамазонга, умуман, халққа бўлган ҳурматни англатади. Айнан мана шундай йўсинда савдо қилган савдогарларнинг, тижорат қилувчилар савдосида барака бўлади, эл дуосини олишади.
Афсуски, баъзи савдогарлар Рамазондан “фойдаланиб”, бу ойда кўпроқ фойда қилиш мақсадида нарх-навони кескин суръатда ошириб юборишади. Сабаби, бу ойда озиқ-овқатга бўлган талаб кўпаяр экан. Тўғри саҳарлик ва ифторликда дастурхонини чиройли қилиш мақсадида озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олишади. Шу кунларда мева-сабзавотларга бўлган талаб кучаяди. Аммо қутлуғ дамларда нархлар асоссиз оширилаверса, Рамазон ойида рўзадорларга ҳурмат қаерда қолади? Инсон фақат ташқи омилларга қараб иш кўраверса, узоққа бормаслиги, ўсиб-унмаслиги аниқ.
Биз пулнинг кўплигини эмас, унинг баракасини, моддийликдан кўра маънавиятни устун қўйишимиз зарур. Бошқа тарафдан олиб қараганда, айнан Рамазон ойида нархларнинг ошиб кетишига одамларнинг, яъни истеъмолчиларнинг ўзи ҳам сабаб бўлмоқда. Нега десангиз, баъзилар одатий кунларда емайдиган овқатларни Рамазонда истеъмол қилишади. Яна бошқалар ифторлик маросими ўтказиш мақсадида исрофга йўл қўйиб, дастурхонни “тўкин-сочин” қилиш пайида бўлишади. Бундай ҳолатларга ҳам, ҳеч биримиз кўз юма олмаймиз. Шу гапларни айтамиз-у, аммо Давлатимиз томонидан айни шу Рамазон ойи учун ҳеч қандай нарх-наволарнинг оширилиши ёки ўзгариши ҳақида буйруқ ё қарорлар чиқарилмайди. Бу ҳолатлар, фақатгина айрим тижоратчиларнинг нафс илинжида ўйлаб топган ва ёзилмаган "қонунлар"и ҳисобланади.
Демак, бу муаммонинг замирида нафақат савдогарлар балки, икки томоннинг ҳам “ҳиссаси” бор. Рамазонда нархларнинг сунъий оширилишининг олдини олиш учун нима қилиш керак? Бунинг учун, аввало, тижоратчилар инсофли, диёнатли бўлиб, улуғ айём кунларида одамларга енгиллик яратиш, уларга қувонч бағишлаш мақсадида нархларни арзонлаштирсалар, ўзлари учун ҳам, ўзгалар учун ҳам бирдек фойдали бўлади. Иккинчидан, истеъмолчилар озиқ-овқатларни исроф қилмай, меъёрида ишлатсалар, ифторликлардаги дабдабаларга чек қўйилиб, рисоладагидек бўлса, ҳаммаси ўз ўрнига тушиш имкони бўларди.

Муҳиба Бабабекова,
Халқ депутатлари
Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+