Рамазон туҳфаси

11.05.2021 13:05:57

Рамазон ойи давом этаётган шу кунларда Наманган шаҳрида “Ўн бир Аҳмад” қадамжоси очилди. Мазкур мажмуа темир йўл вокзалидан унча узоқ бўлмаган ерда жойлашган. У Шимолий Фарғона каналининг чап соҳилида қад кўтарди. “Афсоналар водийси” боғи ҳам унчалик узоқ эмас. Бу эса зиёрат туризмини ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга.

“Ўн бир Аҳмад”  ҳақида ҳар хил ривоятлар оз эмас. Баъзилар, мазкур қадамжо Ислом оламида машҳур тасаввуф илмининг йирик намояндалари бўлган шайхлар ҳурмати учун тикланган  дейишса, баъзилар фиқҳ ва тариқат аҳли вакили Ўн бир Аҳмад ҳазратларининг қабрлари дейишади. Айтишларича, у зотнинг насл-насаблари  пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в)га бориб тақалар экан.

Хотира ва Қадрлаш  куни арафасида  мазкур  зиёратгоҳ мажмуасининг тантанали очилиш маросими бўлди. Нисбатан қисқа муддат - етти ойда у мутлақо янги қиёфа касб этди. Қўли  гул  қурувчилар бажарган  мукаммал таъмирлаш ишлари туфайли бу ерда   зиёратчилар ва сайёҳлар учун  қулай шарт-шароитлар яратилди. Мажмуада замонавий андозаларга тўлиқ жавоб берадиган бино ва иншоотлар тикланди.

Айниқса, марказда қад кўтарган маҳобатли мақбара киши диққатини тортади. Уларни бунёд этишда миллий меъморчилик анъаналаридан кенг фойдаланилди. Ушбу ҳудудни мўъжазгина истироҳатгоҳга айлантириш мақсадида кенг кўламли кўкаламзорлаштириш  ва ободонлаштириш  ишлари  амалга  оширилди.

- Мазкур қадамжо юртимизда муқаддас динимизни, уламоларимизнинг бой меросини ўрганиш, тарихий обидаларни асраб-авайлаш борасидаги ишларнин давоми бўлди, - дейди “Адолат” СДП фахрийси, Наманган муҳандислик-иқтисодиёт институти профессори Ҳамид ака Аҳмадхўжаев. – Ҳаммамизга маъдумки, бугунги кунда  Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилмоқда, Шеробод туманидаги Абу Исо Муҳаммад Термизий, Қарши туманидаги Абул-Муъийн Насафий зиёратгоҳлари ва бошқа қадамжоларда қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилмоқда.  Бу каби хайрли ишлар юртдошларимиз ва халқаро жамоатчилик томонидан кенг қўллаб-қувватланмоқда.

Наманган вилоятида шу йил 20 февраль куни   Чортоқ туманидаги Балиқли кўл қишлоғида  Султон Увайс Қараний зиёратгоҳи очилди. Уйчи туманидаги “Девонабува” мақбараси замонавий услубда мукаммал таъмирлаб, кўркам қиёфа касб этмоқда. Тез орада вилоят марказидаги ноёб обида - Мавлавий Намангоний мақбараси ҳам мукаммал таъмирланади.

“Ўн бир Аҳмад” зиёратгоҳини мукаммал таъмирлаш ишлари уч йил аввал  бошланганди.  Мақсад – халқимиз  муборак маскан деб ҳисоблайдиган ушбу қадамжога замонавий тус бериш,  зиёратчилар учун барча қулайлик ва шароитлар яратиш эди. Фидокор қурувчиларнинг зарбдор меҳнати туфайли қисқа муддатда замонавий андозаларга тўлиқ жавоб берадиган бинолар, иншоотлар қад ростлади. Уларни бунёд этишда миллий меъморчилик анъаналаридан кенг фойдаланилди. Ушбу ҳудудни мўъжазгина истироҳатгаҳга ҳам ўхшатиш мумкин. Бу ерга кўплаб  манзарали дарахт кўчатлари экилган. Улар орасида  ипак акацияси, элдор қарағайи, каштан кабилар бор.

        

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+