Республика марказий Кўзи ожизлар махсус кутубхонасида тақдимот

27.03.2024 19:03:45

Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан яратилган аудио китоби  тақдимот тадбирлари республикамизнинг турли давлат ва нодавлат ташкилотларида, олий ва ўрта таълим муассасаларида, кутубхона марказларида  ўтказилмоқда.

Ана шундай  тақдимот тадбирларидан яна бири, Республика марказий Кўзи ожизлар махсус кутубхонасида бўлиб ўтди. 

Тадбирда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова, партия Марказий аппарати масъул ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги “Ёшлар парламенти” аъзолари, Республика кўзи ожизлар махсус кутубхонаси директори, масъул ходимлари, китобхонлар, ОАВ вакиллари иштирок этишди. 

Тадбир аввалида Робахон Махмудова аҳолининг барча қатлами учун Конституцион нормалар мазмун-моҳиятини қулай ва осон тарзда тушунтириш, иш, ўқиш ва кундалик ҳаётда Бош қомусимизнинг муҳим нормаларини самарали ўрганишга қаратилган масалаларга алоҳида тўхталиб ўтди. 

Шунингдек, тадбирда Республика кўзи ожизлар махсус кутубхонаси директори Гулчеҳра Султанметова ҳам сўз олиб, партия томонидан яратилган Бош қомусимизнинг аудио китоб шаклидаги варианти мамлакатимиз қонунчилик асосларида қатъий белгилаб қўйилган тенг ҳуқуқлилик принципларига асосан, имконияти чекланган фуқароларга ҳам Конституциямиз нормаларининг мазмун-моҳиятини қулай, осон тарзда тушуниш, эслаб қолиш имкониятини яратиб бераётганлиги билан аҳамиятли эканлигини эътироф этиб,  “Адолат” партиясининг бу каби эзгу ишлари келгусида ҳам бардавом бўлишига ишонч билдирди. 

Тадбир давомида “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Ислом Ҳамроев иштирокчиларга Янги таҳрирдаги Бош Қомусимизнинг тарихий аҳамияти борасида сўзлаб, янги таҳрирдаги Конституциямизда халқ манфаатини ифода этувчи, фуқаролар ҳақ-ҳуқуқларини тўлақонли таъминлашга хизмат қилувчи муҳим нормалар акс этгани, партия томонидан яратилган аудиокитобнинг асосий мақсад ва вазифаси аҳолига қулай ва интерактив усуллар ёрдамида Бош қомусимиз мазмун-моҳиятини тушунтиришга қаратилганлигини таъкидлаб ўтди. 

Савол-жавобларга бой ўтган тадбир сўнгида, янги таҳрирдаги Конституциямизнинг аудио китоблари Республика марказий Кўзи ожизлар махсус кутубхонасига тақдим этилди.

Партия томонидан тақдим этилган аудио китоб кутубхона тизимидаги ахборот-ресурс марказлари электрон тармоғига жойлаштирилади. 

Эндиликда мазкур марказ фойдаланувчилари янги таҳрирдаги Конституциямизнинг  аудио форматини онлайн тарзда тинглаш имкониятига эга бўлади. 

Аудио китоб тақдимотлари давлат ва нодавлат ташкилотларида давом этмоқда.


 

“Адолат” СДП
Матбуот хизмати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+