Ривожланиш ҳар биримизга боғлиқ

24.05.2021 09:05:40

Кейинги йилларда мамлакатимизда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш даражасини янада юксалтириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Янги-янги шифохоналар барпо этилмоқда, соҳанинг моддий-техник негизини мустаҳкамлашга миллиард-миллиард сўм маблағ йўналтирилмоқда. Хусусий секторнинг фаолият кўрсатиши учун ҳам яхши шарт-шароитлар яратилмоқда. Ҳақли савол туғилади: кўзда тутилган натижаларга эришилмоқдами? Ҳозирча бунга “ҳа” деб жавоб бериш қийин.

Мен ўтган ҳафтада Президентимиз тиббиёт соҳасини ривожлантириш ва рақамлаштириш бўйича ўтказган видеоселектор йиғилиши тафсилотлари билан яқиндан танишгач, шундай хулосага келдим. Таъкидланганидай, халқимиз соғлиқни сақлаш соҳасининг ҳолатидан норози. Жойларда ўтказилган сўровларда бор-йўғи 13 фоиз аҳоли бу борада ижобий ўзгаришларни сезаётганини билдирган. Бу, ҳақиқий ҳолат, хас-пўшлашнинг асло кераги йўқ. Демак, ҳозиргача қилинган ишлар етарли эмас, бартараф этилиши лозим бўлган нуқсон ва камчиликлар жуда кўп.

Йиғилишда мамлакатдаги бу соҳада юзага келган ҳолат атрофлича таҳлил қилинди. Вазиятни ўнглаш учун қандай ишларни амалга ошириш лозимлиги ҳам белгилаб берилди. Мен ва ҳамкасбларимга жиддий ўзгаришларни талаб қилаётган бешта йўналиш ҳақидаги фикр айниқса, маъқул тушди. Булар қуйидагилар эканлигини яна бир карра эсламоқчиман:

– бирламчи тиббиёт бўғинини касалликни эрта аниқлайдиган ва даволайдиган тизимга айлантириш;

– ихтисослашган марказлар томонидан жойларда тор доирадаги тиббий хизматлар ҳажмини ошириш ва сифатини тубдан яхшилаш.

– рақамлаштириш орқали соҳада қоғозбозлик, бюрократия ва коррупцияни кескин қисқартириш.

– тиббиётнинг барча йўналишларида рақобатнинг ривожланиши ва хусусий сектор жадал кириб боришини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш.

– тиббиёт ходимларининг билимини ошириш, таълим ва илм-фанни ривожлантириш.

Давлат раҳбари  бу ишларнинг нақадар катта аҳамиятга эга эканлигини ҳар бир тиббиётчи яхши англаб етиши даркорлигини қайд этди. Айнивса, раҳбарлар  масаланинг мазмун-моҳятини  аниқ тушуниб олишлари зарур. Акс ҳолда бепул тиббиёт йўқ, ҳамма ёқда коррупция, деган гаплар барҳам топмайди. Ҳолбуки,  республикадан маблағ ажратиляпти, лекин унинг қадрига етиб тўғри йўналтирилмаяпти. Соҳани ривожлантириш мақсадида жорий  йилда бюджетдан 21 триллион сўм берилган. Бу, 2017 йилга нисбатан 3 баравар кўп. Сўнгги бир йил ичида тиббий хизмат сифатини оширишга қаратилган 20 дан ортиқ фармон ва қарорлар қабул қилиниб, барча масалалар ҳал қилиб берилган. Туб ўзгаришлар эса ҳамон кўзга ташланмаётир.

Йиғилишда тизимдаги вазиятни яхшилашга қаратилган қатор чора-тадбирлар белгилангани  диққатга сазовордир. Хусусан, шу йил 1 июлдан бошлаб сурункали касалликларни бирламчи бўғинда даволаш бўйича қатор янгиликлар жорий этилади. Сирдарё вилоятида оилавий шифокор пункти ва поликлиникалар орқали эрта ўлимнинг асосий сабаби бўлган юрак ва қон-томир касалликларини даволаш учун аҳоли дори воситалари билан бепул таъминланади. Шунингдек, давлат раҳбари  бир ой муддатда бирламчи бўғинда даволаш бепул тиббий хизматлар пакетини амалиётга киритиш юзасидан топшириқ берди.

Йиғилишда тиббиёт бирлашмалари фаолияти қониқарсиз 20 та ҳудуд санаб ўтилди. Ачинарлиси, улар ичида вилоятимиздан Поп ва Мингбулоқ туманлари ҳам бор. Айни пайтда ушбу ҳудудларда тиббий хизмат даражасини юксалтириш бўйича режалар ишлаб чиқилмоқда. Ўйлаймизки, уларни амалга ошириш асносида тезда вазиятни ўзгартириш мумкин. Лекин бу иш ҳеч қаерда мавсумий ёки вақтинчалик бўлиб қолмаслиги керак. Соҳани ривожлантириш, ҳар бир кишини унинг фаолиятидан рози қилиш ҳаммамизга боғлиқ масала. Бу эзгу ишга ҳар бир киши ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиши талаб этилади.

                                                                           Иброҳимжон АБДУЛЛАЕВ,

Наманган вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт маркази шифокори, “Адолат” СДП фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+