Ривожланиш сари одимлар

19.05.2021 14:05:27

Давлат раҳбарининг Учтепа туманига қилган ташрифи минглаб инсонларнинг қалбини тўлқинлантириб, уларнинг нурли келажакка бўлган ишончларининг янада ортишига сабаб бўлди.

Айтиш жоизки, ушбу туман қисқа фурсат ичида кўплаб ислоҳотлар амалга оширилган, кўкаламзорлаштирилган, ундаги ободонлаштирув ишлари кўзларни қувнатган кўча, маҳаллаларни ўз ичига олган. Албатта, кичик муаммо ва камчиликлар ҳам йўқ эмас, аммо уларни бартараф этиш йўлидаги муҳим қадамлар ташлангани ва бу ҳаракатларнинг самарали изга тушаётгани эьтиборга молик жиҳатлардандир.

Маҳалладаги йўлаклар, дарахтзорлар обод қилинган. Болалар ўйингоҳлари ташкил этилиб, спорт қурилмалари ўрнатилган. Президентимиз аҳоли билан самимий суҳбат қурди. Суҳбат давомида ҳар бир маҳаллани мана шундай чиройли, тартибли қилишимиз, баландпарвоз гапсиз, меҳнатимиз билан халқимизни рози қилишимиз кераклигини Президент алоҳида эътироф этди.

Учтепа туманининг 11-мавзесида яшовчи йигитнинг кутилмаган илтимоси эса барчани ҳайратлантирди. Унга розилик билдириб бағрини очган давлат раҳбарининг юксак инсоний жиҳати барчада илиқ тааъссурот уйғотди.

Давлат раҳбари аҳоли турмуш тарзи билан танишиш баробарида ҳудудда жойлашган янги корхонадаги иш жараёнини кўздан кечирди. Иш тизими билан танишди. Ушбу “Euroasia print” босмахонасида  60 дан ортиқ иш ўрни яратилгани, корхонадаги иш жараёни, ишчиларга яратилган шароитларни ўрганиб муносиб баҳолади.

Маьлумки, чет тилларни ўрганиш бугунги давр талабидир. Тил билган эл билади. Ҳақиқатан ҳам, хорижий тилни билган киши кўп томонлама имкониятга эга бўлади. Шу боис, бугун юртимизда кадрлар олдига қўйилган асосий талаблардан бири ҳам чет тилларни мукаммал билишдир. Давлат раҳбарининг кейинги ташрифи ҳам айнан  хорижий тилларни ўргатиш маркази бўлди.  Марказ фаолияти билан ҳам танишиб ундаги ютуқ ва камчиликлар ўрганилди.

Туманни ўрганиш мобайнида маҳалладаги дўкон сотувчиси билан бўлган қувноқ суҳбатдан сўнг, юртбошимиз  маҳалла нуронийлари томон ошиқди. Мустақил, обод юртимизда кексаларнинг ўрни, нуфузи, эътибори бўлак. Ҳаётимизнинг ҳар кунида, ҳар лаҳзасида нуроний бобо ва момоларимиз, табаррук отахон ва онахонларимизнинг эзгу тилак-истаклари, дуолари ижобат бўлиб, Ватанимиз, она-заминимиз тобора гуллаб-яшнаётганлигининг гувоҳи бўляпмиз. Мамлакатимизда ёши улуғ инсонларнинг муносиб ҳаёт кечириши учун барча шароит яратилмоқда. Бу каби кенг кўламли ислоҳотлар замирида, аввало, жамиятимизни янада эркинлаштириш, ҳаётимизни бунданда обод ва фаровон қилиш, тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш сингари эзгу мақсадлар мужассамдир. Зеро, юртимизда тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлашда, Ватанимизнинг иқтисодий салоҳияти юксалишида ёши улуғ инсонларнинг ўрни беқиёсдир. Нуронийларнинг шукрона дуолари давлат раҳбарини янада шижоатлантириб юборди.

Бундай ўзгаришларнинг энг катта замини - юртимиздаги тинчлик-осойишталик  эканлиги, унинг қадрига етишимиз зарурлиги, дунёда умуммураккаб ва қалтис вазият ҳукмрон бўлиб турган бугунги шароитда тонгларимиз осуда ҳамда осмонимиз мусаффолиги, болаларимиз бахтиёрлик, кексаларимиз эса ғамхўрлик оғушида экани, турмушимизда ҳам, кўнглимизда ҳам ҳаловат борлиги нечоғли бебаҳо неъмат эканини янада теран англашимиз лозимлиги, тинчлик бор экан, юксалиш бўлиши, эзгу ва ёруғ ниятлар рўёбга чиқавериши, ана шундай файзу баракали ҳаётнинг қадрига етиш эса ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиз эканлиги  давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида эътироф этилди. Зеро юрт истиқболи, миллат равнақи кенг кўламли  ислоҳотларнинг муваффақиятли амалга оширилишида ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

 

Дилдора ИСЛОМОВА,

Халқ депутатлари Шайхонтохур туман Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+