Саховат – беназир қадрият: 100 та хонадонга байрам шукуҳи улашилди

29.12.2022 15:12:29

Байрам шукуҳи қалбларга иниб, янги йилни яхши ниятлар билан бошлаш учун тилаклар билдирилади. Албатта, ҳар бир хонадон соҳиблари фарзандлари, оиласи бағрида тўкин дастурхон атрофида кулгуларга хонани тўлдириб, айёмни нишонлашни истайди. Аммо, бу истак қанчалик кучли бўлмасин, ҳамманинг ҳам имконияти етарли эмас.

Халқ депутатлари Қўштепа туман Кенгаши депутати, «Марғилон саховати» хайрия гуруҳи раҳбари Аъзамжон Аҳмаджонов «Адолат» СДПнинг энг фаол депутатларидан биридир. У саховатпеша инсонлар ҳамроҳлигида партиянинг «Саховат – беназир қадрият» лойиҳаси доирасида ибратли ишларни амалга ошириб келмоқда. Шу кунларда ҳам Фарғона ва Марғилон шаҳарлари, Қўштепа туманида яшовчи байрамга тайёргарлик билан бироз қувониб, бироз ғашланиб турган 100 та ижтимоий таъминотга муҳтож хонадонларга қувонч улашиш мақсадида озиқ-овқат маҳсулотлари ва Янги йил совғасини етказиб бердилар.

- Байрам кунларида меҳмон кутишни яхши кўрардик, – дейди Марғилон шаҳри «Милтиқсоз» МФЙда яшовчи Зилола Ҳазратқулова. – Ниятимиз ижобат бўлиб, хонадонимизга меҳмонлар кириб келишди. Бизларга, болаларимга совғалар беришди. Уларнинг қувончини кўриб, қалбим яйраб кетди. Бизни йўқлаганлар доим соғ бўлишсин.

Фарғона шаҳридаги Бозорбоши кўчасида яшовчи Гулҳаё Турдиева ҳам рўзғор ташвишининг юкидан эзилган. Байрам кунлари дастурхон безатсам, оиламга ширин таомлар пиширсам деган ниятда эди. Эшикни тақиллатиб, кириб келган меҳмонлар совға-саломлар билан мушкулини енгиллатди.

– Ўзгаларга ёрдам бериш жуда савобли юмуш, – дейди шаҳарнинг «Шаҳартепа» МФЙда яшовчи Муаззамхон Ортиқова. – Партиянинг мазкур лойиҳаси доирасида ҳормай-толмай инсонларга байрам шукуҳини улашаётган, савобли ишга бел боғлаган депутатга ҳам, ҳамроҳларига ҳам узоқ умр тилайман. Доимо эл хизматида бўлишдан, халқнинг дуосини олишдан чарчашмасин.

«Адолат» СДП Фарғона вилоят Кенгаши Матбуот хизмати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+