Саховат — беназир қадрият

16.02.2024 16:02:19


Халқимизга хос эзгу қадриятлардан бири, бу — ўзгалар кўмагига муҳтож инсонларни қўллаб-қувватлаш, уларга ёрдам беришдир. Биз адолатчилар “Ижтимоий тенглик – тенг ҳуқуқ ва тенг масъулият демакдир”, деган тамойилга таянган ҳолда, жамиятдаги ижтимоий тенгликни таъминлайдиган, ҳар бир фуқаронинг қобилияти ҳамда малакасидан келиб чиққан ҳолда меҳнат қилиши кафолатланадиган, у ўз меҳнатининг миқдори ва сифатига яраша муносиб иш ҳақи ва ҳаёт даражасига эришиши учун кенг имкониятлар яратилган ижтимоий давлат қуриш учун курашамиз.


Шу боис ҳам “Адолат” социал-демократик партияси ҳеч қачон тақдир синовлари туфайли турфа қисматларга рўбарў бўлган инсонларни ёлғизлатиб қўймайди. Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилояти Кенгаши раиси Шаҳноза Ғаниева бу галги сайёр қабулни ҳаёт синовлари туфайли тўшакка михланиб қолган, ўзгалар кўмагига муҳтож инсонлар хонадонларида ўтказишга аҳд қилди.


Фарғона шаҳридаги “Симтепа” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Муроджон Мадалиев 32 ёшда. Ногиронлик аравачаси унинг доимий ҳамроҳига айланган. Онаси Гуласалхон Мадалиеванинг саломатлигида ҳам жиддий муаммолар борлиги боис, ногиронлик нафақасига чиққан. Унинг оила аъзоларига давлатимиз томонидан ижтимоий ҳимоя кўрсатилаётган бўлса-да, Муроджоннинг ниятлари катта. Ҳовлиси четида енгил конструкцияли савдо дўконига эга бўлишни, ўзи меҳнат қилиб, даромад олишни орзу қилади.


Мазкур маҳалланинг “Ҳидоят” кўчасида истиқомат қилувчи Севарахон Ортиқова ҳам 1 гуруҳ ногирони. 1 нафар фарзанднинг онаси. Фарзандининг бахти, камолини кўриш учун тезроқ соғайиб, оёққа туришни истайди. Севарахон суҳбат давомида соғлигини тиклаш учун зарурий дори-дармонлар билан бепул таъминланишига ёрдам берилишини илтимос қилди.
Маҳалланинг “Обиҳаёт” кўчасида яшовчи Лазокатхон Абдулҳамидова ҳам 1 гуруҳ ногирони. Ўзгалар кўмагига муҳтож онахон даволаниш учун вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан бериладиган даволаниш ордерига муҳтож. Онахоннинг ҳам мурожаати депутатлик гуруҳи назоратида ижобий ҳал этиладиган бўлди. Бу каби юртдошларимизни орзулари сизу бизники каби катта эмас. Энг муҳими соғлик ва озгина маънавий кўмак даркор.
Фарғона шаҳридаги Саккокий кўчасида истиқомат қилувчи 74 ёшли Озодахон Қодированинг илтимоси шу куни ижобий ҳал этилди. Келини Лобархон “Ибратли бекам” ўқув марказида бепул ўқиши учун йўлланмага эга бўлди. Шаҳардаги “Янгисой” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Каримахон Маматбекова фарзанди Хайрулло Абдувалиевни ўзгалар кўмагига муҳтожлиги боис, уни қаровсиз ташлаб кетолмайди. Шу сабабли меҳнат стажи билан боғлиқ муаммоларга дуч келган. Сайёр қабул давомида фуқароларга зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари жамламалари топширилди ва “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши раиси Шаҳноза Ғаниева ҳамда партиянинг депутатлик гуруҳлари, Фарғона шаҳар “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази мутахассислари билан ҳамкорликда ҳар бир фуқаронинг муаммоларини ижобий ҳал этиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгиланди. Инсон қадри улуғланган юртда яшар эканмиз, бу каби ватандошларимизни барча инсонлар қатори яхши яшашлари учун ўз кўмагимиз ва ғамхўрлигимизни аямаймиз.

Гулчеҳра АҲМEДОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Фарғона вилоят Кенгаши Матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+