Саховат тадбирлари давом этмоқда

05.05.2022 17:05:09

Бугунги кунда мамлакатимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган эҳтиёжманд оилаларга ёрдам кўрсатиш, уларнинг ўз имкониятларини рўёбга чиқаришларини таъминлаш мақсадида мамлакатимизда муайян ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ижтимоий муҳофазага муҳтож оилаларнинг ҳолидан хабар олиш, уларга моддий ва маънавий кўмак кўрсатиш бугун олдимизда турган долзарб вазифалардан бирига айланган.

“Адолат” социал-демократик партияси ҳам  ижтимоий адолат принципларига асосланган ҳолда мамлакатимизда ижтимоий муҳофазага муҳтож қатлам вакилларига эътибор қаратиш, уларга зарурий масалаларда ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш орқали ўз фаолиятининг ижтимоий йўналтирилганлигини кўрсатиб бормоқда.

Бу борада партия томонидан бир қанча лойиҳалар амалиётга татбиқ этилган бўлиб, ушбу лойиҳалардан кўзланган асосий мақсад халқ фаровонлиги ҳамда мамлакат равнақига муносиб ҳисса қўшишдир.

Мана шундай хайрли ишлардан бири Рамазон ҳайити муносабати билан ташкил этилди. Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгаши депутати Муҳаммади Эгамназаров томонидан Зомин туманидаги “Ғаллакор” қишлоқ фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи эҳтиёжманд  оилалар ҳолидан хабар олинди. Ташрифлар давомида фуқароларнинг муаммолари ўрганилиб, уларга озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат  совғалар улашилди. Албатта, гап шунчаки совғада эмас, балки инсон кўнглига қувонч улашиш, шу орқали уларнинг келажакка бўлган ишончини янада оширишдан иборатдир.

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, сиз-у биз яшаб турган жамиятда инсон шаъни ва манфаати ҳар нарсадан устун. Асосий мақсад ва вазифа аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, инсонларга беғараз ёрдам кўрсатишдан иборатдир. Ўз номига муносиб саховатпешалик тамойиллари асосидаги эзгулик ва яхшиликка йўғрилган мақсадли ишлар юрт тинчлиги, оилалар хотиржамлиги ва фарзандларимизнинг ёрқин келажагини таъминлашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

 

 “Адолат” СДП Жиззах вилоят Кенгаши

Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+