Саховатли ишлар бардавом бўлсин

10.05.2024 10:05:36

Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлашга катта аҳамият берилмоқда. Хусусан, ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йилида ижтимоий соҳа йўналишида фаолият олиб бораётган юртдошларимиз муҳофаза сифатини янги босқичга кўтариш учун янги услуб ва шакллардан кенг фойдаланмоқдалар. Фикримизнинг исботини Шаҳрисабз тумани мисолида яққол кўриш мумкин.

Туманда истиқомат қилиб келаётган ногиронлар, фахрийлар, боқувчисини йўқотган оилалар турмуш ташвишларидан ҳар томонлама муҳофаза қилинган. Инсонпарварлик ва хайрли мақсадлардан «Адолат» СДП Шаҳрисабз туман Кенгаши фаоллари ҳам четда қолишаётгани йўқ.

Бугун партиянинг «Саховат-беназир қадрият» лойиҳаси доирасида партия фаоллари «Нуроний» жамғармаси ҳамкорлигида ногиронлар, фахрийлар ҳолидан хабар олишди. Ногирон ва қарияларнинг ҳовли жойларида тозалик, озодаликни таъминлашда, хоналарни йиғиштириш, томорқани ободонлаштиришда ўз ҳиссаларини қўшдилар.

«Ўзбекистонда хизмат кўрсатган пахтакор», «Дўстлик» ордени соҳиби Сайдулла бобо Жабборов қутлуғ 104 баҳорни қарши олдилар. Отахон Обод маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Қутчи қишлоғида яшайди. «Адолат»чилар унинг хонадонида ҳам бўлиб, совға-саломлар улашдилар. Хайрия ишига бел боғлаган ҳомийлар ҳам кекса отахонга моддий ёрдам улашиб, дуосини олдилар.

-Халқимиз узоқ умр кўрсин,-дейди Сайдулла бобо.-Шундай юртда яшагинг келади. Президентимиз инсон қадрини улуғлашни давлат сиёсати даражасига кўтардилар. Бундан қувонмай бўладими. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, мустақиллигимиз абадий бўлсин!

-Қайси хонадонга бориб ким билан суҳбат қилманг, фақат «Адолат»чилар шаънига миннатдорчилик сўзларини эшитасиз,-дейди «Нуроний» жамғармаси туман бўлими раиси Баҳодир Саидов.-Демак, сиёсий куч аъзоларининг партия Сайловолди дастурида устувор вазифа этиб белгиланган фуқароларни ижтимоий муҳофаза қилиш борасидаги вазифаларни адо этишдаги саъй-ҳаракатлари зое кетмаяпти.

Дарвоқе, Шаҳрисабзда инсонпарварлик ишларига ҳамиша тайёр «Адолат»чилар жуда кўп. Шундай экан, ижтимоий кўмакка муҳтож кишилар ҳеч қачон хор бўлмайдилар.

 

Самариддин Зайниддинов,
Халқ депутатлари Шаҳрисабз шаҳар
Кенгаши депутати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+