Сайлов кодексига киритилаётган ўзгартиришлар нимада намоён бўлади?

06.05.2021 10:05:38

Республикамизда Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш демократик давлат тузишнинг асосий кўрсаткичи бўлиб келмоқда.  Сўнгги тўрт йилда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, эришилган натижалар, соҳалар тараққиёти, янги ютуқ ва имкониятларнинг асосий гарови Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш билан чамбарчас боғлиқдир.

Жадал суръатларда олиб борилаётган ўзгаришлар асосида, авваламбор, Конституциямизда белгиланган давлат органларининг халқ манфаатларига хизмат қилишига доир тамойилни жорий этиш билан чамбарчас боғлиқдир. Бу борада Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан қабул қилинаётган қонунлар муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан ташаббус асосида тайёрланган “Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига ўзгартиш
ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ҳам фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини кафолатлаш, сайловолди жараёнида ҳамда сайловда қонун устуворлигини таъминлаш, аҳоли кенг қатламига ўз фуқаролик позициясини намоён этиш учун кенг имкониятлар яратиб бермоқда.

Қонун лойиҳасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 14, 20, 22, 101 ва 102- моддаларида юқори турувчи сайлов комиссияларининг ваколатларидан қуйи турувчи сайлов комиссияларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқишни чиқариб ташлаш кўзда тутилган. Амалдаги Сайлов кодексига мувофиқ, сайлов комиссияларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан шикоятлар судлар билан бир қаторда юқори турувчи сайлов комиссияларига ҳам берилиши мумкин. Бунда, судлар ва сайлов комиссияларига такрорий шикоятлар тушиши, улар томонидан бир-бирига зид бўлган қарорлар чиқарилиши эҳтимоли мавжуд бўлади.

Қонун лойиҳасининг 21-моддасида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияси комиссия раиси, раис ўринбосари, котиби ва ўн бир – ўн саккиз нафар комиссия аъзосидан иборат таркибда тузилишини белгилаш амалиёти жорий этилмоқда. Амалдаги қонунчиликка асосан, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказишда саккиз нафар аъзодан иборат округ сайлов комиссиясида мингга яқин участка сайлов комиссиялари тузилади. Бу эса участка сайлов комиссиялари фаолиятини мувофиқлаштиришда қийинчиликлар туғдиради. Шу сабабли, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари аъзолари сонини 8 нафардан 18 нафарга ошириш таклиф этилмоқда.

Қонун лойиҳасининг 48-моддасида сайловчилар билан учрашувлар каби оммавий тадбирлар уларнинг ўтказилиши жойи ва вақти ҳақида туман (шаҳар) ҳокимликлари камида уч кун олдин ёзма равишда хабардор қилинган ҳолда ўтказилиши, бунда, ушбу оммавий тадбирларни ўтказиш учун рухсатнома талаб этилмаслигини белгилаш назарда тутилмоқда. Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти сайловлар бўйича миссияси томонидан эса сайловчилар билан учрашувларни ўтказиш учун алоҳида рухсатнома талаб этилмаслигини ва номзодлар уларнинг ўтказиш жойи ва вақти ҳақида тегишли ҳокимликларни 3 кун олдин ёзма равишда хабардор қилиши лозимлигини белгилаш тавсия этилган.

Шунингдек, қонун лойиҳасининг 31-моддасидан сайлов бюллетенида номзоднинг эгаллаб турган лавозими (машғулотининг тури), иш жойи кўрсатилиши ҳақидаги нормани чиқариб ташлаш ҳамда 38-моддасида сайловларда сиёсий партия ёки номзодларни қўллаб-қувватлаб имзо қўйишда фуқаролар паспорт билан бир қаторда идентификация картаси орқали ҳам шахсини тасдиқлаши мумкинлигини белгилаш амалиёти жорий этилмоқда.

Сайлов кодексига киритилаётган ҳуқуқий норма ва янгиликлар миллий сайлов қонунчилигимизни халқаро сайлов стандартлари асосида такомиллаштириш ва юртимизда мазкур йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотларни халқаро ҳамжамиятга етказишга хизмат қилади.  

 

Муҳаммад ВАЛИЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати,

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+