Сайловчилар билан мулоқот

28.02.2022 11:02:08

Февраль ойининг сўнгги ҳафтасида мамлакат парламенти аъзолари жойларда сайловчилар билан учрашдилар. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Дилмурод Исмоилов ҳам Наманган шаҳрида бир қатор мулоқотлар ўтказди. Уларда парламент фаолияти, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, давлат раҳбари томонидан олға сурилган Тараққиёт стратегиясининг амалга оширилиши  ва бошқа мавзулар ҳақида фикр юритилди.

Депутат қатор  маҳалла фуқаролар йиғинларида бўлди. Бунда ҳудудларда камбағалликни қисқартириш, аҳоли ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш, ишсизларнинг бандлигини таъминлаш масалаларини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилди. Маҳаллаларга бириктирилган ҳоким ёрдамчилари билан ҳам суҳбатлашилди. Муаммоларни биргаликда ҳал қилишга келишиб олинди.   Бу, пировард натижада яхши самара бериши турган гап.

Маҳаллалардаги ўрганишлардан сўнг парламент аъзоси сайловчилар қабулини ўтказди. Унда ўттизга яқин киши иштирок этди.

 – Сайловчилар қабулида мен ҳам қатнашдим, - дейди “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши раиси Исроилжон Жўраев. – Депутатимих ҳар бир фуқарони диққат билан тинглади. Уларни қийнаётган муаммоларнинг  мазмун-моҳияти ёзиб олинди. Қонуний ҳал қилиш чоралари кўрилажаги айтилди. Бу эса албатта, кишиларда ўзларини ўйлантираётган масалалар ечими топилишига  умид ва ишонч уйғотмай қолмади. 

Сайловчиларнинг мурожаатларини таҳлил этсангиз, уларнинг мавзуси хилма-хил эканлигига гувоҳ бўласиз. Масалан, Маҳмуджон Исомиддинов ўзи яшайдиган “Оромгоҳ” маҳалласидаги кўп қаватли уйлар орасидаги йўлларни асфальтлаш, болалар учун майдончалар ташкил этишди ёрдам сўради. Шу ҳудудда жойлашган вилоят онкология шифохонаси учун поликлиника қуриш таклифи ҳам билдирилди.

Фурқат номли маҳалла фуқароси Саодат Холбоева эса ўзи яшайдиган ҳудудда мактаб қуриш зарурати мавжудлигини билдирди. Худди шундай таклиф Беруний номли маҳалла аҳолиси номидан Сожида Жўраева билдирди.

Мурожаатларнинг каттагина қисми турар-жой шароитларини яхшилаш билан боғлиқ  бўлди. Масалан, Давлатобод туманидаги “Тўқувчи” маҳалласида яшовчи Малика Бойбобоева уй харид қилиш учун субсидия ажратилмаётганидан шикоят қилди. “Мингтерак”лик Раҳнохон Мамажонова эса якка тартибда уй қуриш учун ер майдони борлиги, ьироқ маблағ йўқлиги учун қийналаётганини айтиб, ёрдам сўради. Ҳар бир мурожаат пухта ўрганилиб, улар юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгиланадиган бўлди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дилмурод Исомиловнинг сайловчилар билан учрашувлари давом этмоқда. 

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

“Адолат” СДП Наманган вилоят

Кенгаши матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+