Сайловчилар депутатдан умид қилмоқда

19.04.2022 20:04:33

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидан сайланган 9-Салар округи депутати Суҳроб Саифназаров сайловчилар мурожаатларининг ҳеч бирини эътибордан четда қолдирмайди. Масалан, сайловчилар мурожаатларини қабул қилиш учун ҳар шанбани қабул кунлари сифатида рўйхатга киритган. Шунингдек, ўз округида 9 та маҳалладаги маълумотлар тахтачасига доимий контакт алоқа учун телефон рақамларини ўрнаттирган.

Режага асосан, яқинда депутат Мирзо Улуғбек туман «Оққўрғон» ва «Лашкарбеги» маҳаллаларида фуқароларни қабул қилди. Қабул жараёнида Мирзо Улуғбек туман сайловчилари депутатга ўз уйларига хизмат кўрсатаётган коммунал хизмат кўрсатувчидан норози эканини билдиришди. Яъни, пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туман Оққўрғон маҳалласида икки қаватли, битта йўлакли (подъезд), 8 дона хонадондан иборат бўлган кўп қаватли уй мавжуд. Ушбу уйнинг умумий майдони эса 450 квадратдан иборат.

Мазкур кўп қаватли уйда яшовчи Лола Алимухамедованинг маълум қилишича, уйнинг томи чириган, подъездлар таъмирталаб. Шу масаланинг ижобий ечими бўйича аҳоли депутатдан ёрдам беришларини сўради.

Депутат масалани яқиндан ўрганиш мақсадида коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилот масъули билан боғланиб, вазият билан танишди. Тегишли масъулнинг айтишича, ушбу уйдаги коммунал тўловлардан бир ойда 540 000 минг сўм маблағ йиғилиши мумкин. Демакки, ушбу маблағга уй томини таъмирлашнинг имкони йўқ.

Депутат Суҳроб Саифназаров ушбу масалани халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши тегишли комиссиясининг навбатдаги йиғилишига киритиб, ижобий ечимга эришишга ҳаракат қилишини маълум қилди.

Айгул ПEРНEБEКОВА,

«Адолат» СДП Мирзо Улуғбек Туман Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+