Сайловчиларнинг айтишича, мурожаатлар натижа бермаяпти

18.12.2020 10:12:42

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси  депутатларининг сайловчилар  билан  навбатдаги  учрашувлари  бошланди. Парламентдаги “Адолат” СДП фракцияси  аъзоси Дилмурод Исмоилов ўз сайлов  округи  ҳудудидаги дастлабки мулоқотни Наманган  шаҳрининг янги  ташкил  этилган  Давлатобод  туманидаги “Порлоқ” маҳалла  фуқаролар  йиғинида ўтказди. Депутат ташрифидан  хабардор  бўлган  аҳоли  вакиллари тезда МФЙ идораси  олдида  тўпландилар.

Учрашувни  Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят  Кенгашининг раиси Исроил  Жўраев қисқача кириш сўзи билан  очди. Қонунчилик  палатаси  депутати мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий  ҳаётида  рўй  бераётган  янгиликлар,  ишлаб  чиқилаётган ва қабул  қилинаётган  қонунлар  ҳақида атрофлича фикр юритди. Айни вақтда коронавирус пандемияси  бутун дунёда бўлгани  каби мамлакатимизда ҳам барча  соҳаларда муайян қийинчиликлар  туғдиргани қайд  этилди. Аммо  қонун ижодкорлиги борасидаги ишлар тўхтаб  қолгани  йўқ. Жамият ҳаётида муҳим  аҳамиятга  эга ҳужжатлар  қабул қилинди.

Масалан, шу ҳафтанинг ўзида парламент “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси муҳокамасида  ахборот ва сўз эркинлигини таъминлашнинг муҳим жиҳатларига, шунингдек, ушбу ҳужжатни қабул қилиш заруратига алоҳида эътибор қаратди. Чунки ҳозир  миллий қонунчилигимизда фуқароларнинг ахборот ҳуқуқлари, масс-медиа ва оммавий коммуникациялар соҳаси субъектларининг ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлайдиган ҳуқуқий нормаларни мустаҳкамлаш зарурати пайдо бўлди. Телекоммуникация ва Интернет тармоқларида ахборотни тарқатиш жараёнини тартибга солувчи нормаларни қайта кўриб чиқишга тўғри келмоқда.

Шундан  кейин учрашув ўзаро мулоқот тарзида давом этди.  Сайловчилардан Фазлиддин Мирзараҳимов, Каримжон Тожибоев ва бошқалар  маҳалла аҳолисининг  бир қатор  муаммоларини  ўртага  ташладилар. Хусусан, ҳозирги қиш кунларида кўп қаватли  уйларда табиий  газ таъминоти пастлиги, турли ташкилотлар  ва ҳокимликка қилинган    мурожаатлар натижа  бермаётгани айтилди. Ҳудудни  ободонлаштириш учун  тўсиқ  бўлаётган муаммолар  ҳам  етарли. Ёғингарчиликлардан кейин  ички  йўлларнинг ҳолати аянчли бўлиб  қолади, лой  ва кўлмаклар пиёдалар ва  машиналар юришига тўсқинлик  қилади. Оқин сув  йўқлиги дарахт  ва гул экиш  имконини бермаётир. Маиший чиқиндиларни йиғиштириб олиш тизими  бутунлай ишдан чиққан. Бу масалалар депутат  назоратига  олинди.

Тадбирда  қатнашган “Адолат” СДП  Наманган шаҳар  кенгашининг раиси  Саидолим  Абдураҳмонов шу   каби муаммоларни фуқароларнинг ўзлари ҳал  қилишлари мумкинлиги,  лекин  бунинг учун кўпчиликда  ҳуқуқий билимлар ва  фаоллик  етишмаслигини айтди.

Қонунчилик  палатаси  депутати Дилмурод Исмоилов ҳуқуқшунос  сифатида  одамларни  қизиқтирган масалалар юзасидан  ҳуқуқий  маслаҳатлар бериб  бориши мумкинлигини   билдирди.  Бу ғоя  учрашув  қатнашчиларига маъқул келди.

Худди  шу  куни  парламент  аъзоси  Наманган муҳандислик-қурилиш    институтида ва “Юксалиш”  маҳалласида ҳам сайловчилар  билан мулоқотлар  ўтказди.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган  вилоят  Кенгаши  матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+