Саломатлик эвазига завқ

04.01.2023 14:01:49

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 185-1-моддаси бўйича пиротехника маҳсулотлари билан ноқонуний савдо қилган шахснинг ашёлари мусодара қилиниб, энг кам иш ҳаққининг беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солинади.

Пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, худди шунингдек уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш) ёки ўтказиш анча миқдорда ёхуд шундай ҳаракатлар маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 250-1-моддасига асосан жиноий жавобгарликка тортилади. Мана шундай қонуний жавобгарликларни ҳам кўра билиб туриб айрим қўштирноқ ичидаги шахслар ўз билганларича йўл тутишмоқда.

Биламизки, янги йил арафасида пиротехника воситаларидан фойдаланиш ортади. Аммо «завқ» ортидан ташвишли ва ҳаттоки қайғули ҳолатлар содир бўлиши, болалар азият чекиши, оғир жароҳат олиши ёки бутун умрга ногиронликка учрашлари мумкин. Шу боис, мамлакатимизда бу каби воситаларни қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, олиб кириш, ташиш, сақлаш ва сотиш тақиқланган. Пиротехника буюмлари муомаласи бўйича самарали давлат назорати ўрнатилиши фуқаролар саломатлиги ва жамоат хавфсизлигини таъминлашда муҳим деб, ҳисоблайман. Ушбу нохуш вазиятларни олдини олиш мақсадида, юртимиз бўйлаб кўплаб режали амалий тадбирлар ташкил этилади ва албатта ўз самарасини бермай қолмайди. Жумладан бугунги кунга қадар кўплаб тадбирлар ташкил этилиб, уларда  бизнинг депутатларимиз ҳам фаол қатнашиб келмоқдалар. Энг қувонарли жиҳатларидан бири шундаки, ҳар йилги сарҳисобларга қараганда, ўтган 2022 йилда бундай нохушликлар сони анча камайган. Аммо бугунги кунда урфга кирган, ҳар байрам, тадбир маросимларда, отиладиган салютлар кўнгилларимизни сал хира қилмоқда. Сабаби бир кунлик бир неча дақиқалик қувончни деб нафақат, ўз чўнтагимизга балки она табиатимизга, экологияга ҳам катта зарар етказаётганимиз, бор ҳақиқат. Агар шу битта салют, пақиллоқ воситасини нархини ҳисобласак, ўртача 400-500 минг атрофида. Афсуски, уни оладиган хонадон соҳиблари битта ёки икки донаси билан чегараланиб қолмаслиги аниқ. Шунда янги йил кечасини ўзида атиги 3 ёки 4 марта салют отиш учун икки миллион сўм харажат қилаётганларнинг борлигига гувоҳ бўламиз. Аммо ҳар биримизнинг маҳалламизда нафақат салют отолмайдиган, балки ушбу байрамни ҳам нишонлашга бироз қийналиб турган оилаларимиз ҳам учраб туради. Шундай экан отиладиган ҳар бир пиротехника воситаси пулига, шундай оилаларимизга янги йил олди қарашилгани анчайин ижобий ташаббус бўлар эди. Байрам кечаси атрофни ўраб олган зарарли тутунлардан, келиб чиқадиган қанчадан қанча касалликларни олдини ҳам олган бўлар эдик.

Г.Абдимуродова,

«Адолат» СДП Самарқанд вилоят Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+