Саломатлик кушандалари

17.08.2021 12:08:07

Айтиш жоизки, ёзнинг иссиқ кунларида истеъмолчиларнинг яхна ичимлик ва музқаймоқларга бўлган талаби кескин кучайиб кетади.

Тан олиш керак, ҳамма ишлаб чиқарувчилар ҳам музқаймоқ сифати ҳақида қайғуравермайдилар. 

Куни кеча Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида музқаймоқдан оммавий заҳарланиш ҳолати бўлгани ҳақида шов-шув тарқалди.

Мазкур ҳолат юзасидан Халқ депутатлари Олмалиқ шаҳар Кенгаши депутати Фахриддин Матасимов  томонидан  ўрганишлар олиб борилди.

Аниқланишича,  ҳақиқатан ҳам 36 нафар бемор шу ташхис билан Олмалиқ шаҳар юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.

Якка турдаги тадбиркор Азизилло  Якубов томонидан ишлаб чиқарилган музқаймоқ бу вазиятга сабабчи бўлган. Ҳодиса ўрганилмоқда. Бугунги кун ҳолатига кўра уларнинг 31 нафарига аҳволи яхши бўлгани сабабли уйига рухсат берилган. Яна беш нафар бемор даволанишда, аҳволи ўртача.

Бундан ташқари, шаҳар тиббиёт бирлашмасига шу ташхис билан ётқизилган 13 нафар бемор ҳам мавжуд. Айни дамда  уларнинг ҳолати ўртача оғир, муолажалар давом этирилмоқда.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексига мувофиқ, санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш билан жиноят иши қўзғатилиб, Эпидемиологик суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Шуни айтиш жоизки, тадбиркорлик рўйхатида йўқ одамлар ҳам қўлбола сифатсиз  равишда музқаймоқлар ишлаб чиқариб сотяпти.

Айрим  тадбиркорлар  ўз фаолиятини ўрнатилган тартибда расмийлаштирмасдан, тиббий кўрикдан ўтмасдан, ноқонуний равишда олиб бориб, санитария-гигиена талабларига мутлақо жавоб бермайдиган маҳсулотларни сақлаш ва сотиш учун талаб этиладиган санитария шароитлари бўлмаган муҳитда ҳам  фаолият олиб бормоқда.

Хўш, ҳудудий санитария-эпидемиология хизмати томонидан фаолият қай даражада олиб бориляпти? “Сут ва сут маҳсулотлари хавфсизлиги тўғрисида”ги умумий техник регламент талабларига мувофиқми?  

Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш, ҳудудий  санитария-эпидемиология хизмат салоҳиятини ошириш, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя этилиши соҳасида таъсирчан мониторинг ва юқори даражада кучли назорат бўлиши шарт.

 

“Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши

матбуот хизмати

 

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+