Самарқанд шаҳар ва туман аҳолиси номзод дастурини қўллаб-қувватлади

11.10.2021 10:10:16

 

Айни пайтда мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Сайлов қонунчилигида белгиланган имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда “Адолат” социал-демократик партияси ҳам жойларда кенг аҳоли иштирокида учрашувлар ташкил этиб, партиямиздан кўрсатилган номзоднинг ишончли вакиллари, партия фаоллари томонидан тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.

Ана шундай учрашувлардан бири Самарқанд шаҳар ҳамда Самарқанд туман аҳолиси иштирокида ўтказилди. Тадбирда маҳалла фаоллари, тиббиёт, таълим соҳаси ходимлари, ҳарбийлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Номзоднинг Самарқанд вилоятидаги ишончли вакили Муҳиба Бабабекова оддий, содда тилда Б.Абдуҳалимовнинг сайловолди дастури, унда олдига қўйган мақсад ва вазифаларини аҳолига етказди. Номзод дастуридан ўрин олган ҳаётбахш, халқчил ғоялари халқ орасида қизғин қўллаб-қувватланди. Тадбир иштирокчиларни эртанги фаровон ҳаётга, ёруғ келажакка ишонч билан боқишларига ҳисса қўшганлиги билан аҳамиятли бўлди.

Шаҳноза Абдуқаюмова, тадбир иштирокчиси:

 - Соҳам ҳарбий бўлгани учун ҳам дастурда ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари ҳам иш билан таъминланиши, таълим олиш, пенсия ва тиббий таъминот соҳаларида қонун билан кафолатланган имтиёзларга эга бўлишлари кераклиги белгилаб қуйилгани мени беҳад қувонтирди. Барчамизга маълум ҳарбийлар бир жойда турғун ишламайдилар, ҳали у ҳудудга, ҳали бу ҳудудга хизмат мажбурияти юзасидан кўчиб юришга тўғри келади. Унинг оиласи эса кўпинча энди ишга жойлашган пайтида кўчиши керак бўлади ёки маълум сабаблар билан ишсиз уйда ўтиради. Табиийки, иш стажи ёзилмаганидан кейин эса пенсия ёшига етганидан сўнг ўзини таъсирини кўрсатади. Ўйлайманки, номзод дасутрида кўтарилган ушбу таклиф орқали бу масалага ечим топилади.

Дилдора Шукурова, халқ депутатлари туман кенгаши депутати:

 - Сайловолди дастурда таълим соҳасини ривожлантириш бўйича билдирилган таклифлар шахсан менда катта таассурот қолдирди. Ҳақиқатан мазкур йўналишда чуқур ислоҳотларни амалга оширмай туриб, мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган кадрларни камол топтириш қийин. Яна бир муҳим жиҳати Янги Ўзбекистонни қуриш, ислоҳотларни ҳаётга изчил татбиқ этишда ўқитувчилар ҳал қилувчи ўринни эгаллайди.  Ўқитувчининг ҳуқуқий мақомини ҳамда уларнинг иш ҳақини ошириш барча соҳа вакилларининг юрагидаги муҳим масала.

Гулбаҳор Ҳусаинова, партия фаоли, тадбир иштирокчиси:

 – Бугунги учрашув тадбирида номзоднинг ишончли вакили Муҳиба Бабабекова сайловолди дастурда кўтарилган ғоя ва вазифаларни ғоятда ажойиб тарзда иштирокчиларга етказди. Дастурнинг ҳар бир бандини ҳаётий мисоллар орқали мағзини чақиб тушунтириб берди. Ўйлайманки, дастурда кўзда тутилган тиббиётнинг бирламчи бўғинини кучайтириш, айниқса, қишлоқ ва маҳаллаларда тиббий хизматни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, “Тиббий маданият” тизимини яратиб, аҳолига замонавий, юқори технологияли, ихтисослаштирилган ва малакали тиббий хизмат кўрсатиш вазифалари орқали аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга муваффақ бўламиз.

Шунингдек, тадбирда сўз олганлар номзоднинг дастуридан ўрин олган уй-жойларнинг нархини тушириш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини муниципал уйлар билан таъминлаш, мамлакатимизда ва чет элда ишлаётган ёлланма ва мавсумий ишчиларга кенг шароитлар яратиб бериш орқали уларнинг меҳнати қадрланишини ва муҳофаза қилинишини, ишлаган меҳнатига яраша ҳақ олишини, меҳнат стажига қўшилишини ва келажакда муносиб пенсия олиш учун шароитлар яратилиши борасидаги фикрларини қизғин маъқулладилар.

Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга ишончли вакил М.Бабабековадан батафсил жавоблар олдилар.

 

Асқар ХОЛИҚОВ,

“Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши раиси ўринбосари

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+