Сен ёнмасанг, мен ёнмасам...

05.03.2021 16:03:18

Халқ тарихини, ўтган асрнинг 70-80 йиллари тарихини ўрганар эканмиз,  уйқу ва уйқусизлик тушунчаларини ҳам инобатга олиш керакдай.  Уйқу инсоннинг танасига ором бериб, чиниқтириб келажак қувончу изтиробларига, бардошли кунларига замин ҳозирлайди,  ҳаётга тайёрлайди. Уйқу кам бўлганида миямиз бошқача бўлади,  қобилияти камаяди.

Ўтган асрда халқимиз жуда кўп фожеа, қурбонлик,  уруш,  тараққиётдан орқада қолишларни бошидан кечирди. Хусусан, инқилоб ниқобидаги даҳрийлик, чор Россиясининг бетиним таъсири, ундан кейинги ғоявий тарғибот,  ундан кейинги халқни "коммунистлаштириш"га уринишлар,  ерларнинг ўзлаштирилиши баҳонасида пахтанинг режаси олти миллион тоннага чиқарилиши,  80-йиллардаги "турғунлик"  деб аталувчи  давр,  хуллас, мустақиллик бўлгунича халқимиз осон кунларни бошидан кечирмади. Ўтган асрнинг 70-80 йилларини яхши эслайман.  Бу қийин ҳаёт биз ҳозир тарғиб қилаётган соғлом турмуш тарзини халқимизнинг онгидан қанчалар сиқиб чиқарганини тасаввур қилса бўлади. Меҳнат одамларнинг тинкасини қуритарди. Ҳатто аёллар ҳам ариқ қазиб,  далада уват олишар,  ерга заҳмат чекишар, эркак-аёллар бирдай ишлашарди.  Бунинг устига тиббиёт ҳаминқадар,  доришунослик қолоқ,  қурилиш материаллари деярли ишлаб чиқарилмас,  уйлардан чакка ўтар,  халқ ҳаёти  хароб аҳволда эди.  Бу нарсаларнинг ҳаммаси одамларни бедор бўлишга мажбур қилар,  аёллар саҳарда қоронғуда туриб,  нон ёпиш,  сигир соғиб,  болаларининг тартибини қилишга,  кеч бўлганда хамир қилиш,  ошхона йиғиштириш, чакка,   сариёғ қилиш,  қизларига куйлаклар тикишга мажбур эди. Улар тонгда  болаларини қишлоқдаги бир аёлга боғчага бериб, битта нонни рўмолга ўраб, тушлигига деб, кетмонларини олиб пахта чопишга кетишар ва кеч бўлса уйга қайтишарди. Тонгги соат 6 дан кейин бригадир ва табелчи аёлларни  уйларига қайтариб юборарди. Оталар тунлари ҳам уйда бўлмас,  ферма,  гараж,  колхоз идораси,  пахта суғоришда юришар,  техника масаласи муаммо эди. Бугун  "колхоз", десанг, болалар "у нима?" дейди. Уйга кўрпа-тўшак  тикиш,  болаларига кийим тайёрлаш,  мактабга юбориш,  ҳам томорқа,  ҳам далага қайғуриш,  болаларнинг тўйини қилиш,  умуман бу асрнинг  қийноқли ташвишларини бир кўз олдингизга келтиринг.  Менимча,  у асрда катта ёшдаги одамлар камроқ ухлашарди.  Бир машҳур файласуф, "яхши одам “қотиб"  ухлайди", дейди. Менимча эса елкасида шунча ташвишлари бор ўша одамлар қотиб ухлашолмасди,  чунки бунинг деярли иложи йўқ эди, дейман. Бу "қотиб"  ухлашга одатланиш ҳамманинг иши эмас, чунки бу файласуф фикри нисбий маъноли. Ўша пайтдаги "биринчи котиблар" 6 миллион тонна пахтани сўраб турган бўлса,  тезакни қишга жамғариб қўйиш энг зўр иш саналган бўлса,  болаларнинг миллий тарбиясини эмас,  Ленин ғояларига "содиқ"лиги текширилиб турган бўлса,  бу даврда қандай тинч уйқудан гапириш мумкин,  билмадим. Лекин  20-аср ҳаддан ташқари фожиалари билан бирга жуда кўп яхши хусусиятларни ҳам яратди,  масалан шунча уруш ва қатағонларни,  меҳнатни кўрган халқимизда бундай даҳшатли воқеаларга нисбатан "замондош" сифатида  қаттиқ  сабр ва самарали бардош шаклланди. Психологик жиҳатдан буни "ҳимоя механизми",  деб тушунса бўлади. Хуллас, атроф чегараларни ёпиб қўйган, ахборотларни яширган совет даври ўзи ҳам "чекланди". Айтмоқчи бўлганимиз, бу ерда психология фани, ахборотлар туфайли бохабарлик, қайси давлатнинг иқтисодий барқарорлиги қанча экани ҳақидаги билимлар" тараққий" этмади. Натижада ўз ҳаёти ҳақида камроқ билиш кўпайди. Биласизки, психологияда инсон ўз-ўзининг таҳлилига чуқур эътибор қаратади.

Бизнинг тинч уйқумизга бунинг нима алоқаси бор, дерсиз. Ҳозирги тунлари ухламай интернетда "ўтиришлар", бозордаги нарх-наво ё боласининг тўйи деб ухламай чиқишларни қандай тушунса бўлади?  Ёшларнинг  сумалак қилиш ё битирув кечаси баҳона  мусиқалари, гап-гаштакларни нима деб атаса бўлади? Қишлоқдаги ариқларнинг қазувсиз қолаётганини-чи? Ахир улар 1960 йилларда ўз ота, бобо, она ва катта оналаримиз томонидан қазиб,  оғир ва ҳалол меҳнат эвазига бунёд қилинганди.

Менимча,  ўша меҳнатлар эвазига "одам" бўлдик. Аммо ўша пайтдаги "болам-чақам" деб уйқусизликни бошидан кечириш билан бугунги "интернет"га кириб,  оғир ва жуда катта ҳажмдаги видеолар,  Ютуб тафсилотлари,  телеграм,  фейсбук янгилик,  хабарлари билан "овуниб"  ухламаслик,  ярим тунгача бедор ётишнинг фарқи катта. Хуллас, уйқу ва уйқусизлик масаласи одамнинг қандай фикрлашини билдирадиган масалалардан биридир. Бу масаласиз соғлом турмуш тарзини ҳам, фарзандларимизнинг бахтли келажагини ҳам тасаввур этиб бўлмайди. Ўз вақтида ухлаш, ўз вақтида туриш, ўз вақтида жисмоний машқ ё меҳнат қилиш, овқат ейиш, китоб ўқиш, бозорни ўйлаш, буларнинг ҳаммасини уюштириб бориш учун нималар қилаяпмиз? Болаларимизнинг спорт билан шуғулланиш  даражаси  қандай? Катта ёшдагиларнинг ўз оромида яшашлари-чи?  Орамизда,  маҳалламизда инсульт,  инфаркт, қон босими,  қандли диабет, аёлларнинг гинекологик касалликлари, хавфли ўсмалари, камқонлик ҳолати қандай?  Нега бу касалликлар бундан 30 йил аввалгидан бир неча баробар кўпайган, нега илгари кам эди?  Ё одамлар унда кўпроқ кетмон чопишармиди?  Шифокорлар шунинг сабабларини нега жамоатчиликка очиқ-ошкора ёзишмайди, сабабларини таҳлил қилиб, одамларни тўғри яшашга ўргатишмайди?  Одамлар фақат дўхтирга касал бўлса, қон босими, инфаркт, инсульт ва ҳоказо билан келиши керак эмас, уларни тўғри яшашга  тарбиялаб боришимиз керак.  Ҳар маҳалла,  тиббиёт муассасаларида ҳудуд бўйича шу касалликларнинг  статистикаси юритилаяптими?  Уйқусизлик,  тунда кўп овқат еб қўйиб,  тўқ қорин билан ухлаш,  эрталаб чопиш ва бадантарбияни унутиш,  қорамол ёғларини кўп истеъмолидан пайдо бўлмаяптимикан бу касалликлар?  Мен медицина бўйича институтда таҳсил олмадим.  Лекин қизиқаман шу соҳага.

Хуллас,  уйқу,  яъни одамга "жон"  киритадиган бу машғулот баҳонасида сизга жуда кўп гапларни айтиб бўлдим ҳисоби. Буёғи ўзимизга боғлиқ.  Ахир қандай яшасак,  болаларимиз ўрганади?..  Қуш ўз инида кўрганини қилади.   Шундай экан, соғлом турмуш тарзига ўрганайлик, китоб ўқийлик. Менимча, ёшлар ҳаётидан ҳаракатли ахборот, яъни видео, ютуб, фейсбук, турли жангари, ўғирлик, қон тўкиш, муштлашиш ва ҳар хил жиноятларга оид фильмлар катта ўрин олиб бормаяптими? Лекин яхши  китоблар, мусиқа, яхши суҳбат, юксак маънавият оламда ҳар ерда учрайвермайди. Болаларни китобга ўргатайлик.

Маънавиятни чуқур билган одам халқ тарихини ва адабиётини ҳам яхши билади. Тарих ва адабиётни яхши билган халқ, гуруҳ, одамлар, мактабларимиздаги синфлар болалари  эса ҳаётни яхши ўрганган бўлиб чиқади.

Биз эса уларни мақтаб юрамиз. Ахир тарих бу ота-она, аждодлар ҳаёти, адабиёт эса уларнинг пишиқ ва пухта, ранг-баранг, тўлқинланган  руҳидир.

Хуллас, турк шоири Нозим Ҳикматнинг "Сен ёнмасанг, мен ёнмасам, қандай ёруғликка чиқар зулматлар"  деган шеъри бор. Ростдан ҳам бу қисқа,  туш каби кечувчи умрни ёниб яшаш керакдир.

 

Азамат ТАВБОЕВ,

Халқ депутатлари Пайариқ туман Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+