Сенатор ва депутат ўрганишлари: Мурожаатлар ўз ечимини топяптими?

06.05.2021 17:05:31

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлисида маъқулланган Қонунлар ва кўриб чиқилган бошқа масалалар  юзасидан  аҳоли ўртасида тарғибот ишларини амалга ошириш, учрашувлар  ўтказиш  ва Сенатга мурожаат йўллаган фуқаролар муамоларига ижобий ечим топиш мақсадида сенатор, депутатлар ва  ҳокимлик вакиллари  Фарғона вилоятининг барча ҳудудларида ўрганишлар олиб бормоқда.  Сенатор, Халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгаши депутати Манзура Салимова, Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши раиси, вилоят Кенгаши депутати Шерзод Каримовлар ҳам ўзларига бириктирилган шаҳар-туманларда  бўлиб, фуқаролар билан суҳбатлашдилар.

Бағдод туманидаги ўрганишлар давомида туман ҳокими Восилжон  Назаров билан биргаликда фуқароларнинг ишсизлик, касб-ҳунарга ўқитиш, имтиёзли кредит олиш сингари масалалардаги мурожаатлари тингланди ҳамда мутасадди ташкилот вакиллари томонидан ҳуқуқий тушунчалар берилди.

 

Қўқон шаҳрида ҳам мурожаатларга имкон қадар ижобий ечим топилди.  Жумладан, Шаҳар мусиқали драма театри бош режиссёри Ғиёс Мирзамаҳмудов  салкам икки йилдан буён  мазкур лавозимда фаолият юритиб келади. Асли Наманганнинг Чортоқ туманидан бўлган  фуқаронинг муқим яшаш жойига эга эмаслиги оиласини кўчириб келишига монеълик қилмоқда. Унинг уй  ажратилиши масаласида сенаторга мурожаати юзасидан  масъуллар зарур тушунча бердилар.  Мурожаатчига қулайлик яратиш мақсадида  яшаш учун ижарага олинадиган уйнинг ҳақи шаҳар ҳокимлиги томонидан тўлаб бериладиган бўлди.

 Ўрганишлар Ўзбекистон туманида давом этди. Шахсий ёки маҳалласига тааллуқли арзининг жавобсиз қолмаслигидан умидвор бўлган фуқаролар билан ташкил этилган суҳбат самимий ўтди. Мамлакатимизда  олиб борилаётган ислоҳотлар, қарор ва Фармонлар мазмун-моҳияти тушунтирилди. Улар ўзларини қийнаб келаётган масалалар юзасидан сенатор ва депутатлардан атрофлича жавоб олдилар.    

–  Туманимиздаги  Қосим Авғон кўчасининг 600 метр қисмини асфальт қилиш лозим эди, – дейди  “Авғон” МФЙ аҳолиси номидан Адҳамжон Шариёров. –  Бу бўйича Олий Мажлис Сенатига мурожаат қилган эдик.  Сенатор М.Салимова биз билан суҳбатлашиб,  дардимизни тинглади.  Умидимизни пучга чиқармади. Кўчамизнинг асфальт қилинишига ҳокимият ва  ҳомийлар маблағлари йўналтириладиган бўлди. Энди бизнинг йўлларимиз ҳам равон бўлади .  

Шунингдек, ҳудудлардаги уй-жой қурилиши ва ипотека бозорини ривожлантиришга доир  устувор вазифаларнинг  амалга  оширилиши устидан  парламент ва жамоатчилик назоратини  ўрнатиш ҳамда   халқ  депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги  “Халқпарвар” комиссиялар фаолияти таҳлил қилинди. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 13  апрелдаги  ПҚ-5072 –сонли қарори билан туман-шаҳарлар бюджетлари маблағларини  жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларга йўналтириш устидан  назорат ташкил этилганлиги ўрганилиб, фаоллар иштирокида муҳокама қилинди.

Ўрганишлар вилоятнинг бошқа ҳудудларида  давом этмоқда. 

 

Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+