Сессия қарорининг ижроси таъминланмоқда

22.05.2024 16:05:29

Халқ депутатлари Хива туман Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Унда, Ўзбекистон «Адолат» СДП Хива туман Кенгаши ҳамда партиянинг туман Кенгаши депутатлик гуруҳи ҳамкорлигида Хива туманидаги мавжуд аҳоли дам олиш марказларининг ҳолати юзасидан олиб борилган ўрганишлар натижаси муҳокама этилди. Таъкидланишича, тумандаги мавжуд маданият марказларининг аҳолига маданий хизмат кўрсатиш даражаси ўрганилганда, Хива туман Маданият бўлимига қарашли 4 та Маданият марказлари мавжуд бўлиб, улар Соёт қишлоғи «Қатти бош» маҳалласида жойлашган «Соёт» Маданият маркази 22422 минг нафар, Дашёқ қишлоғи «Гулшан» маҳалласида жойлашган «Дашёқ» Маданият маркази 45169 минг нафар, Шомохулум қишлоғи «Ўзбекистон» маҳалласида жойлашган «Ўзбекистон» Маданият маркази ҳамда Журён қишлоғи «Журён» маданият маркази 19434 минг аҳолига хизмат қилиб келмоқда. Мазкур Маданият марказларининг бино билан таъминланганлиги ўрганилганда, 19434 нафар аҳоли мавжуд «Журён» маҳалласи учун фаолият юритиб келаётган «Журён» маданият маркази 1984 йилда қурилган бўлиб, томоша зали 19139 та ўринга эга. Шу сабабли 250 ўринли томоша зали қуриш, капитал таъмирлаш ва моддий техника базаси талаб даражасида эмаслиги кузатилди. «Шомохулум» маҳалласи ҳудудидаги «Ўзбекистон» маданият маркази 1982 йилда қурилган бўлиб, томоша залига эга эмас. Марказга 250 ўринли томоша зали қуриш, капитал таъмирлаш ва моддий техника базасини талаб даражасида эмаслиги аниқланди. Шунингдек, тумандаги маданият марказларининг аҳволи, таъмирланганлик ёки таъмир талаблиги, бинонинг замон талабларига жавоб бериш даражаси ўрганилганда «Соёт» Маданият маркази иситиш қозонхонаси табиий газга мослаштирилганлиги, бироқ ушбу ҳудуд ҳозирда газ тармоғидан узилганлиги сабабли иситиш тизими носоз ҳолатга келиб қолгани, марказ иситиш тизимини пластик қувурга алмаштириш, қозонхонани кўмир ёқилғиси билан иситиладиган қозонхона билан алмаштириш зарур эканлиги, марказ биносининг мармар тошлар билан безалган фасад қисми ташқи таъсирлар (иссиқ, совуқ, ёмғир ва бошқа) оқибатида мармар тошлар кўчиб тушиб инсонлар ҳаётига хавф туғдираётганлиги сабабли бинонинг фасад қисмини таъмирлаш зарур эканлиги аниқланди. Хива туман Маданият марказларида жами 15 та тўгарак фаолият олиб бормоқда. Жумладан, «Дашёқ» Маданият марказида 6 та тўгарак мавжуд бўлиб, булар Қашқар рубоби, Дутор, Доира, Созандалар ансамбли. Бошқа Марказларда ҳам шу каби тўгараклар ташкил этилган. Тумандаги маданият марказларида фаолият юритаётган, ушбу соҳадаги марказ ходимларининг барчаси Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти, Тошкент Давлат консерваторияси, Урганч ихтисослаштирилган санъат мактаби ва Хива педагогика билим юртининг мусиқа йўналиши бўйича тамомлаганлар. Шунингдек, ўрганишлар давомида Хива туманида кинотеатр, истироҳат боғлари ҳамда музейлар мавжуд эмаслиги аниқланди. Кинотеатрлар ва истироҳат боғлари бўлмаган тақдирда ёшларнинг дам олишлари учун Урганч шаҳридаги «Амир Темур» истироҳат боғи, Хива шаҳридаги «Локоматив» истироҳат боғлари ва «Тўмарис гипермаркет» ҳамда кинотеатрларга бориб ҳордиқ чиқариб келишмоқда. Ўрганишлар натижасида Хива туманида маблағ йўқлиги сабабли Амфитеатр қурилиши тугалланмаганлиги кузатилди. Фикр ва мулоҳазалар, савол-жавоблар ҳамда юқоридагиларни эътиборга олиб Халқ депутатлари Хива туман Кенгаши қуйидагича қарор қабул қилди. Адолат СДП Хива туман Кенгаши депутатлик гуруҳи томонидан Хива туманидаги мавжуд аҳоли дам олиш марказларининг ҳолати юзасидан олиб борилган ўрганишлар якуни бўйича Ўзбекистон «Адолат» СДП депутатлик гуруҳи раҳбари Мақсуд Эшниязовнинг ахбороти маълумот учун қабул қилинди. Тумандаги Маданият марказларини жорий ва капитал таъмирлаш, иситиш тизимидаги носозликларни бартараф этиш, моддий техника базасини талаб даражасида таъминлаш чора -тадбирларини ишлаб чиқиб амалга ошириш чораларини кўриш масаласига туманда фаолият юритаётган тегишли ташкилотлар раҳбарлари масъул этиб белгиланди. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Халқ депутатлари туман Кенгашининг Таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича доимий комиссия раиси Мақсуд Эшниязов, Саноат, транспорт, қурилиш, коммунал соҳа ва аҳолига хизмат кўрсатиш бўйича доимий комиссия раиси Фарход Алламов ҳамда туман ҳокими ўринбосари Анвар Худаяров зиммасига юклатилди. Кун тартибида кўрилган масала амалиётга йўналтирилди ва ижросини таъминлаш ишлари «Соёт» Маданий маркази биносининг олд қисмини таъмирлашдан бошлаб юборилди.

Шукурой МАДАМИНОВА,
«Адолат» СДП
Хива туман Кенгаши раиси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+