Сессияга масала киритилди

16.02.2024 10:02:23

Хоразм вилоят, Хива туман ҳокимлигида Халқ депутатлари Хива туман Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди.
Сессияда депутатлар, туманда фаолият олиб бораётган корхона ташкилот раҳбарлари иштирок этишди.
Сессия кун тартибида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг “Тозалик йўлида бирлашайлик!» лойиҳаси доирасида Халқ депутатлари Хива туман Кенгаши депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан олиб борилган ўрганишлар натижалари сессия кун тартибида муҳокама этилди.
Туман ҳудудидаги кўчалар, ташкилот ва муассасаларнинг атроф-муҳит тозалигига риоя қилиш, чиқиндиларнинг ўз вақтида олиб кетиш, ариқ-зовурларнинг тозаланганлик ҳолатлари тўғрисида туман Кенгаши депутатлик гуруҳи раҳбари Мақсуд Эшниязовнинг ҳисоботи эшитилди.
Музокаралар ва савол жавоблардан сўнг, қуйидагича қарор қабул қилинди. Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида Халқ депутатлари Ўзбекистон “Адолат” СДП Хива туман Кенгаши депутатлик гуруҳи раҳбари Мақсуд Эшниязовнинг ҳисоботи маълумот учун қабул қилинди.
Маҳаллалар ҳудудларида ободонлаштириш ишлари талаб даражасида эмаслигига Маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда корхона ва ташкилотлар раҳбарларининг эътибори қаратилди.


Корхона ва ташкилот раҳбарлари ўзлари фаолият юритаётган жойларда тозаликка риоя қилиш бўйича махсус дастур ишлаб чиқиш, аҳолини санитария-гигиена ва тиббий маданиятини оширишда тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда сайёр учрашувлар ва давра суҳбатларни ташкил этиб бориш, атроф-муҳитни озода сақлашда кенг жамоатчиликни жалб этган ҳолда, оммавий ҳашарларни ташкил этиш ва уларда фаол иштирокини таъминлаш вазифаси юклатилди. Шунингдек, аҳоли яшаш пунктлари ва унга яқин ҳудудларда тўпланиб қолган турли чиқиндиларни ўз вақтида олиб ташлашда мутасадди ташкилотлар фаолияти устидан самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиш топширилди.


Аҳоли орасида чиқиндилар билан боғлиқ масалалар юзасидан тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш, бу борада маҳаллалардаги ёши улуғ ва халқ орасида ҳурмат-эътиборга сазовор бўлган инсонларни ҳамда маҳалла фаоллари кўмагидан фойдаланиш, аҳоли томонидан чиқиндилар билан боғлиқ ноқонуний ҳолатлар содир этилганда, айбдор шахсларга нисбатан қонунда белгиланган тартибда атроф-муҳитга келтирган зарари учун жаримага тортиш чораларини кўриш ва жамоатчилик орасида муҳокама қилиш вазифаси Хива туман Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси ҳамда маҳалла фуқаролари йиғинлари зиммасига юклатилди.


Туман марказий кўчаларида ободонлаштириш ишларига алоҳида эътибор қаратиш туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи ҳамда аҳоли яшаш пунктлари ва унга яқин ҳудудларда тўпланиб қолган турли чиқиндиларни ўз вақтида олиб ташлаш масаласига “Экокластер” МЧЖ Хива туман бўлими раҳбарининг эътибори қаратилди.
Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Халқ депутатлари Хива туман Кенгашининг саноат, транспорт, қурилиш, коммунал масалалари ва аҳолига хизмат кўрсатиш масалалари бўйича доимий комиссияси зиммасига юклатилди.

Замира АБДУЛЛАЕВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+