Шаҳар йўловчилар транспортидан кимлар бепул фойдаланиши мумкин?

30.05.2024 17:05:32

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «Адолат» СДП фракциясининг йиғилишида мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётига дахлдор, хусусан, болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш, ерни ва ер ости бойликларини асраб қолишга ҳамда муҳофаза қилишга қаратилган ва бошқа қатор қонун лойиҳалари обдон муҳокама қилинди.

Дастлаб депутатлар «Ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўрсатиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар.

Мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, давлат томонидан фуқароларга ижтимоий хизмат кўрсатиш кўлами ва турларини кенгайтириш бўйича муайян ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида давлат сиёсатини амалга оширувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилди.

Қонун лойиҳаси билан Солиқ кодекси ҳамда 7 та қонунга ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кекса ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Хусусан, ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган 80 ёшга тўлган қарияларга қараб турилган вақт иш стажига қўшиб ҳисоблашда даволаш муассасасининг хулосасини чиқариб ташлаш белгиланмоқда. Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахс деб топилганларга шаҳар йўловчилар транспортидан (таксидан ташқари) бепул фойдаланиш ҳуқуқини бериш таклиф этиляпти.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари белгиланмоқда. Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга қилинган ҳомийлик маблағларини солиқ базасини аниқлашда чегириб ташланмайдиган харажатлар жумласига қўшиш назарда тутилмоқда.

Партия сайловолди дастурида Ўзбекистоннинг эркинлик, имкониятлар тенглиги, адолатлилик, бирдамлик, ижтимоий ҳимоя ва масъулият тамойиллари ҳукмронлик қиладиган, инсонларнинг кескин табақаланишига йўл қўйилмайдиган кучли «ижтимоий давлат» сифатида, аҳолининг юқори турмуш даражасига эга ривожланган давлатлар қаторига қўшилишига эришиш устувор вазифа сифатида белгиланган.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, давлат томонидан фуқароларга ижтимоий хизмат кўрсатиш кўлами ва турларини кенгайтиришга хизмат қилади.

Қизғин мунозаралар давомида депутатлар қонун лойиҳасида назарда тутилаётган нормалар «Адолат» СДПнинг мақсад ва вазифаларига уйғун ва ҳамоҳанг эканлигини қайд этдилар. Шундан келиб чиқиб, лойиҳани янада такомиллаштириш, пишиқ-пухта ҳолатга келтириш бўйича ўз таклифларини бердилар.

Муҳокамалар ва савол-жавоблардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан маъқулланди.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+