ШАРМАНДАГА ШАҲАР КЕНГ ЭКАН Ҳайдовчиларга йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун жарима балларини ҳисоблаш тизими қачон ишга тушади?

25.11.2023 09:11:10

    Телевидениеда “Бир кун” информацион дастури орқали намойиш этилган йўл ҳаракати қоидаларини бузганлиги учун келган жарима қоғозларидан “мотивация” олувчи йигитча борасида тайёрланган видео репортажни кўриб беихтиёр ёқа ушлайсан, киши.

"Кўрмаганнинг кўргани қурсин". Бир даврада жарималар сонидан завқланиб қайта ва қайта қоидабузарликка қасддан қўл урувчи йигитча борасида ўз қарашларимизни юқоридаги нақл билан ифодалагандик, суҳбатдошларимиз фикримизга қўшилмаслигини билдириб, бош ирғашди. “Оғзи қийшиқ бўлса ҳам бойнинг боласи гапирсин”, денг қоқиндиқ... Ахир пешонасига ёзиб қўйишибди-ку “эркатой” деб. Тўғри-да, энг юқори тезлиги 175ни қайд этганлиги, жарималари орасида уни “тўлқинлантирган” тўлов миқдори эса 2 миллион 970 000 минг эканлигини айтиб оғиз кўпиртираётган йигитча аллакимнинг эркатойи бўлмай, ким бўларди?!”
“Қаҳрамонимиз бир ойда ўз машинасида камида 50 маротаба жаримага тушган. Бунинг ягона сабаби унинг жарима хабарномаларидан коллекция йиғишга ҳавасманд эканлигидан”, дейди тележурналист йигитчага “кўрсатган кароматлари” ҳақида гапириб беришини сўраб мик­рофон тутқазишдан аввал. 
Шу ерда бироз тўхтаб, нафас ростлаб олмасак бўлмайдиган кўринади... Қоидабузарлар, бузғунчилар­ни қачондан буён қаҳрамон даражасига кўтара бошладик! яна Расмий оммавий ахборот васиталарида-я?
“Шаҳар бедарвоза бўлса, шармандага шаҳар кенг”, деганлари шу бўлса керак-да. “Қаҳрамонимиз 70 фоиз жаримани тезликни оширгани, 20 фоизини қизил чироқдан ўтгани ва қолган 10 фоизини хавфсизлик камарини тақмаганлиги ва машинасини рухсат этилмаган жойда қолдирганлиги учун олган”, дея маълумот беришда давом этади бошловчи...
 Шу ўринда “Йўл ҳаракати қоидаларига сўзсиз риоя қилинишини таъминлаш ҳамда уларни такроран бузиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида 2022 йил 1 декабрдан бош­лаб белгиланган ҳайдовчиларга йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун жарима балларини ҳисоблаш тизими” нега ҳамон ишга тушмаяпти?” деган ҳақли савол туғилади. Айрим расмий оммавий ахборот воситалари киприк қоқмай, шов-шувли хабар ортидан ном қозониш илинжида қоидабузарларни қаҳрамон даражасига кўтараётган, учар ҳайдовчиларимиз ўз жарима қоғозларидан коллекция яратиб мақтанадиган кунларгача етиб келган эканмиз, баллик тизим тезроқ ишга тушиши учун яна нималар содир бўлиши кераклиги ҳақида ўйлаб, ўйингга етолмайсан, киши. 
Жарима қоғозлари коллекциялари куни келиб босиб кетилган, майиб-мажруҳ қилинган йўловчилар коллекция­сига айланмаслигига ким кафолат беради? Ахир ўрмонга ўт кетса ҳўлу қуриқ баробар ёнади. Ижтимоий тармоқлардаги кўз кўриб, қулоқ эшитмаган турли-туман бемазагарчиликлар бора-бора оммавий челендж­ларга айланиб бораётган, фик­ру хаёли қандай бўлмасин тезроқ машҳур бўлишга интилаётган баъзи ёшларимиз “юлдузлик” илинжида нималарга тайёр эканлиги, уларнинг “ақлли” калласида нималар айланиб юрганини ўйлашнинг ўзиёқ даҳшатли эмасми? Кўз ўнгимизда, куппа-кундуз куни содир бўлаётган бу каби аянчли ҳолатлар наҳотки бизга дарс бўлмаса?!. 
Жамиятимизда фарзанд­ларининг хурмача қилиқларини хаспўшлаб, нари борса ёшлик бебошлик нақлига йўйиб қўяётган, бир ойда салкам 40 миллион сўмлик жарима тўловини шунчаки “эркатой”нинг “бош-кўзидан” садақа қилиб юбораётган “янги ўзбек”лар тои­фаси урфга кириб бораётгани, жамият осудалиги ва тинч­лиги йўлида мутасадди раҳбарларимизни тезроқ бир қарорга келишларини тақозо этмаяп­дими? 
Қолаверса, ёшлик-бебошликлари йўлида “пул қўлнинг кири” ақидасида пул сочаётганларнинг даромад манбаи қаердан келаётганлигига ақлинг ҳам етмай қолади баъзан. Зотан, тўғрилик ва ўғрилик, ҳалолдан ва ҳаромдан орттирилаётган бойлик масаласи сизу биз яшаб турган жамият ҳаётига бевосита дахлдор. Акс ҳолда жамиятдаги коррупция, ҳақ-ҳуқуқларимизнинг поймол этилиши каби ҳолатларга қайта-қайта дуч келаверамиз.
“Касални яширсанг иситмаси ошкор қилади”. Иситмамиз-ку, аллақачон ошкор бўлиб бўлди. Бироқ биз ҳамон касални яшириш билан оворамиз...

Гулбаҳор Қобулова,

“Адолат” СДП Матбуот хизмати бош мутахассиси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+