Шифокор зиммасидаги масъулият янада ортди

07.05.2021 11:05:33

Охирги икки йилда тиббиёт ходимлари зиммасидаги масъулият ҳар қачонгиданда ортди. Ҳамон таҳликали ва қўрқув вазияти тарк этмаган бугунги кунда   соҳани ривожлантириш борасида салмоқли ишлар қилинмоқда. Куни кеча соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш, аҳоли саломатлигини сақлаш борасида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш, тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида, жамоатчилик томонидан тиббий хизматлар кўлами ва сифатини ошириш юзасидан билдирилган таклифларни инобатга олган ҳолда яна бир Президент фармони чиқарилди. Унинг замирида  аҳолига янада қулайлик яратиш мақсади мужассам. Бу ҳам биз тиббиётчиларга янада катта масъулият юклади.

Тизимни ривожлантириш, ҳудудлар аҳолисини сифатли тиббий хизмат билан қамраб олиш, тиббиёт муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасидаги ислоҳотлар асносида аҳоли саломатлигини сақлаш, уларнинг тиббий маданиятини ошириш вазифалари устувордир. Касалликларнинг олдини олишнинг энг камҳарж ва самарали йўли соғлом турмуш тарзи ва соғлом овқатланиш маданиятига амал қилиш. Давлатимиз раҳбари барча ислоҳотлардан асосий мақсад одамлар ҳаётини яхшилаш экани, сифатли тиббий хизмат бу борада муҳим ўрин тутишини таъкидлади.

Фармонда туманлар, чекка қишлоқлардаги шифохоналарни дори воситалари, реактивлар ва тиббиёт ускуналари билан таъминлаш, қулай шароитлар яратишга ҳам катта эътибор қаратгани  аҳамиятли. Ҳамширалик иши фаолиятини фақат ўрта тиббий ёки олий ҳамширалик иши йўналиши бўйича олий маълумотга эга кадрлар бажариши билан белгилаб қўйилди ҳамда малакасини ошириб бориш орқали ўз касбни мукаммал ўрганиш масъулиятини оширади.

Янги ўқув йилидан бошлаб клиник ординатура мутахассисликлари бўйича қабул квотасини икки бараварга оширилиши ёшларимизни ўқиб-ўрганишлари, касб танлашлари ҳамда ўқув даврининг иккинчи йили ҳудудлардаги ихтисослашган тиббиёт марказлари филиалларида, вилоят болалар ва катталар кўп тармоқли тиббиёт марказлари, Республика шошилинч тез тиббий ёрдам маркази филиалларида ўтказилиши, шунингдек, маълум бир қисми иш жойида давом эттирилиш  катта ишончдир.

Шунингдек, нодавлат тиббиёт ташкилотларига махсус автотранспорт воситасида ташкил этиладиган “мобил тиббиёт” хизмати ёрдамида жойига чиққан ҳолда аҳолига тиббий хизмат кўрсатишнинг сифатини ошириш, “тиббий пункт”ларни ташкил этиш орқали аҳолининг ҳар бир қатламини қамраб олиш ва улар орасида тушунтириш, тарғибот ишларини олиб бориш назарда тутилган.

Бугун ҳар бир инсон ўзи учун шифокор қайғуриши, яқинларини эҳтиёт қилмоғи зарур. Тиббий талаб ва қоидаларни  оиламиздан, кўчамиздан, маҳалла, қишлоқ ёки шаҳримиздан бошлашимиз даркор. Соғлом турмуш тарзини яратиш эса ўз қўлимизда.

                                               Мадаминжон МАДАЗИМОВ,

                   Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон

 вилоят кенгаши раиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+