Шифокорлар шарафланди

17.11.2021 20:11:44

Ўтган якшанба куни мамлакатимизда тиббиёт ходимлари куни катта тантана билан нишонланди. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг соҳа ходимларига йўллаган қутлови барча саломатлик посбонларига  кўтаринки кайфият бағишлади.  Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси электорати таркибининг салмоқли қисмини ташкил этувчи соҳа ходимларига бағишлаб жойларда ўтказилган маросимларда партия вакиллари ҳам фаол иштирок этдилар.

-  Инсон учун тинчлик ва саломатликдан бебаҳо бойлик йўқ, - дейди “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши раисининг ўринбосари Ёрқиной Ҳожиматова. -  Шунинг учун ҳам халқимиз тиббиёт ходимларини дунёдаги энг улуғ касб эгалари, муқаддас қасамёдига содиқ, ўз ишига фидойи  деб билади. Уларнинг   машаққатли меҳнатларини ҳамма юксак даражада қадрлаши бежиз эмас.

“Адолат”чилар шифокорлар байми муносабати билан ташкил этилган тадбирларда фаол қатнашиб, вилоят Кенгаши раиси Исроилжон Жўраев бошчилигидаги фаоллар Косонсойда бўлишди. Улар туман тиббиёт бирлашмаси ходимларининг фидокорона меҳнатларини эътироф  этиб, жамоага янгидан-янги муваффақиятлар тиладилар. Энг яхши шифокорлар “Адолат” СДП вилоят Кенгашининг Фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Янгиқўрғон туман партия кенгаш раиси Раҳимжон Тошматов эса Исковот оилавий шифокорлик пунктига ташриф буюрди. Самимий суҳбат асносида тиббиётчиларнинг аҳоли саломатлигини сақлаш йўлидаги фидокорона меҳнатлари эътироф этилди. Бир гуруҳ ходимларга “Адолат” СДП туман Кенгашининг фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари тақдим этилди. Шифокорлар кўрсатилган эътибор учун миннатдорлик изҳор этдилар.

Касб байрами Тўрақўрғон тумани тиббиётчилари учун ҳам қувончли келди. Тантанали маросимда партиямиз фаоллари иштирок этдилар. Сафдошларимиз бўлган бир гуруҳ шифокорларга Фахрий ёрлиқлар ва эсдалик совғалари топширилди.

– Байрам арафасида аҳолига ва тиббиёт ходимларига  яна бир қулайлик яратилди, - дейди “Адолат” СДП Тўрақўрғон туман кенгаши раиси Заҳрохон Аҳмедова. – Тиббиёт бирлашмасига қарашли шошилинч тиббий ёрдам бўлимининг замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган янги биноси фойдаланишга топширилди.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

“Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+